Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
14 миллиард сўмлик молиявий хатоликка йўл қўйилган
12:16 / 2021-10-21

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган матбуот анжуманида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ички аудит ва молиявий назорат бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Тошматов бу ҳақда маълум қилди.

Таъкидланишича, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида бугунги кунда фаолият юритаётган муассасалар сони жами 553 тани ташкил этади. Шундан, 60 та олий таълим муассасалари, 40 та академик лицейлар, 30 та турли йўналишлардаги (қайта тайёрлаш, малака ошириш) марказлар ва илмий-тадқиқот институтлари, 339 та касб-ҳунар мактаблари ҳамда 84 та техникумлардир.

Вазирликнинг ички аудит ва молиявий назорат бошқармаси ҳамда тизимидаги ички аудит хизматлари томонидан жорий йилнинг 9 ойида 507 та муассасада, жумладан 56 та олий таълим ҳамда 408 та касб-ҳунар ва ўрта махсус таълим муассасасида молиявий назорат тартибидаги профилактик тадбирлар ўтказилди.

Ўтказилган молиявий назорат ва профилактика тадбирлари натижасида 245 та таълим муассасасида жами 13 миллиард 605,3 миллион сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланган.

Ушбу аниқланган молиявий хато ва камчиликларнинг 8 миллиард 35,5 миллион сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ҳамда стипендия тўловлари бўйича, 1 миллиард 111 миллион сўм товар-моддий қийматликларнинг камомади ва ноўрин ҳисобдан чиқарилиши бўйича, 128 миллион сўм таъмирлаш ишлари учун ортиқча қилинган харажатлар бўйича, 267,1 миллион сўм ижара тўлови ва бюджетга ўтказилиши лозим бўлган тўловлар бўйича ва 4 миллиард 62,9 миллион сўми ёки эса бошқа турдаги харажат турлари ҳиссасига тўғри келади.

Молиявий камчиликларга йўл қўйган раҳбар ва масъул ходимларнинг 33 нафарига нисбатан интизомий жазо қўлланилиб, 21 нафари лавозимидан озод этилди.

Кейинги фаолиятда юқоридаги каби камчиликларнинг олдини олиш мақсадида, жумладан, муассасаларда аниқланаётган молиявий камчиликлар юзасидан Бош прокуратура, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда кенгайтирилган йиғилиш ва вебинарлар ташкил этилиб, батафсил маълумот ва тушунчалар бериб борилмоқда.

Шунингдек, олий таълим муассасаларининг раҳбарлари ва молия-иқтисод ишлари бўйича проректорларига УзАСБО дастуридан фойдаланиш бўйича керакли умумий тушунчаларга эга бўлишлари талаби қўйилди. Улар учун тегишли мутахассислар билан амалий семинарлар ўтказиш ва УзАСБО дастуридан фойдаланиш учун зарур бўлган маълумот ва тушунча бериб бориш йўлга қўйилди.

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА