Жаҳон адолатли савдо куни ҳар йили май ойининг иккинчи шанбасида нишонланади. Умуман, май дунёда адолатли савдо ойи ҳисобланади.
Бу кун илк бор Жаҳон Адолатли савдо ташкилоти (World Fair Trade Organization) томонидан 2004 йил нишонланган. “WFTO” эса 1989 йил ташкил топган.
Ташкилот фаолияти иқтисодий ночор ишлаб чиқарувчилар учун имконият яратиш, шаффофликни, ҳаққоний савдо амалиётини таъминлаш, адолатли нарх ўрнатиш, болалар меҳнати, мажбурий меҳнат, шунингдек, дискриминацияга йўл қўймаслик, гендер тенглиги ва уюшмалар эркинлигига содиқлик, яхши иш шароити яратиш, имкониятни ошириш, адолатли савдони ривожлантириш ва атроф-муҳитга ҳурматни шакллантириш каби 10 та устувор йўналишга асосланади.
Бу йил адолатли савдо ҳаракатининг мақсади, ютуқларини тарғиб этишга қаратилган глобал тадбир - Жаҳон адолатли савдо куни 14 май, шанба куни нишонланади.
Шу куни 70 мамлакатдан 355 ишлаб чиқарувчи, савдо ташкилотига ярмаркада иштирок этиш имкони берилади. Анъанавий маросимлар қаторида барча мамлакатлардаги корхоналар иштирокида халқаро стандартга мос келиши шарт бўлган ҳалол савдо тамойилини тарғиб қилувчи кўргазма, семинар, конференциялар ўтказилади. Анжуманларда қўл меҳнатига нисбатан салбий муносабатни шакллантириш, маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнида қулай экологик шароит яратиш каби долзарб масалалар кўтарилади.
Адолатли савдо - этикетланган ва этикетланмаган товарларга нисбатан халқаро стандартларни ҳамда давлат сиёсатини тарғиб қилишга бағишланган ижтимоий ҳаракат. Бунда асосий эътибор ривожланаётган мамлакатлардан ривожланган давлатларга экспорт қилинадиган маҳсулотларга қаратилган.
Адолатли савдо объекти чой, қаҳва, какао, банан ёки ҳунармандлик буюми, кийим-кечак бўлиши мумкин. Асосий шарт шуки, товар болалар меҳнатидан фойдаланилмасдан ишлаб чиқарилиши керак.
“Daysoftheyear.com” маълумотига кўра, “Fairtrade” бутун дунё бўйлаб ишчилар учун тенг ва ижобий иш муҳити яратишга интилмоқда. Зеро, сайёрамизнинг ҳар бир аъзоси, қаерда яшашидан қатъи назар, муносиб иш ҳақи ва меҳнат шароитига лойиқ.
Бундан ташқари мазкур сана ер юзи бўйлаб ишчиларга адолатли муносабатда бўлиш, муносиб иш ҳақи, меҳнат шароитини таъминлашга ҳам чақиради.
Улуғбек Маҳмирзаев, ЎзА