Гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024-2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегиянинг устувор мақсадларига эришиш, гиёҳвандлик ва уюшган наркожиноятчиликка қарши курашиш, айниқса, ёшларнинг ушбу иллат таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш борасида Андижон вилоятида зарур ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Президентимизнинг жорий йил 3 ноябрда қабул қилинган “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркотик воситаларидан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан жорий йилнинг 20 ноябридан 20 декабрига қадар “Хавфсиз ва соғлом юрт” номли тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилди.
Мазкур тадбирлар давомида бошқарманинг тезкор-қидирув хизмати ходимлари томонидан жами 161 та ҳолатда жиноий фаолиятга қўл урган шахслардан қарийб 14,5 килограмм гиёҳвандлик воситалари ҳамда 10 минг 154 дона психотроп ва кучли таъсир этувчи дори воситалари мусодара қилинди.
– Бундан ташқари, Андижон шаҳри ва Бўстон туманида наркотик моддаларни “закладка” усули билан тарқатиш ҳолати аниқланиб, бартараф этилди, – дейди Андижон вилояти ИИБ ахборот хизмати бошлиғи Шерзодбек Нуриддинов. – Шунингдек, “наркограффити” усулидаги, девор ва турли жойлардаги 16 та наркотик моддалар савдоси билан боғлиқ ёзувлар ўчирилди.
Шунингдек, тадбирлар давомида гиёҳвандликнинг олдини олиш, унинг салбий оқибатлари ҳақида аҳоли ва ёшларнинг билим ҳамда тушунчаларини бойитиш, бу борадаги жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича кенг кўламли тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилди.
Ф.Убайдуллаев, ЎзА мухбири