Шенген шартномаси 1985 йил 14 июнь куни Европанинг беш давлати – Бельгия, Нидерландия, Люксембург, Франция ва Германия томонидан имзоланган. Ушбу ҳужжат чегараларда паспорт ва виза назоратини соддалаштириш бўйича келишувдир.
Германия ва Франция билан чегара яқинида жойлашган Люксембургнинг кичик шаҳарчаси – Шенгенда имзоланган мазкур битим 1995 йил 26 мартда кучга кирган.
Шартнома иштирокчи давлатлар ҳукумати ва бошқа ижро идоралари томонидан чегара назоратини бекор қилиш ҳамда умумий чегараларда одам, товар ва хизмат эркин ҳаракатланишига кўмаклашадиган қатор чора-тадбирларни назарда тутади.
1990 йил 19 июнда Бельгия, Нидерландия, Люксембург, Франция ва Германия эркин ҳаракатланиш шартини белгиловчи Шенген битимини амалга ошириш тўғрисидаги конвенцияни имзолади. Шу тариқа 1985 йил тасдиқланган ҳужжат 1990 йилги конвенция билан бирга Европа Иттифоқи қонунларидан алоҳида ҳуқуқий ҳужжат сифатида амалга татбиқ қилинди.
1999 йил май ойида Амстердам шартномаси кучга кирди ва ЕИ битимига ўзгариш киритилди. Яъни, Шенген битимини амалга ошириш ва қўллаш тўғрисидаги конвенция қоидалари ЕИ қонунчилигига уйғунлашди.

Ҳужжат Европа Иттифоқига қўшилган барча давлатлар қуйидаги тартиб қайд этилган Шенген қоидасини мажбурий қабул қилишини назарда тутади:
– аъзо давлатлар ички чегара ва божхона назоратини бекор қилиш;
– аъзо давлатларнинг барча ташқи чегараларида ягона кириш-чиқиш қоидасини жорий этиш;
– аъзо давлатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасида трансчегаравий жиноятларга қарши курашда ҳамкорликни йўлга қўйиш;
– экстрадиция қилишнинг ягона қоидасини жорий этиш, виза ва чегарадан ўтиш жойлари (SISNET) бўйича “Шенген” маълумотлар базасини яратиш.
Шенген қоидаси аъзо давлатларга мамлакат ички хавфсизлигига таҳдид туғилган тақдирда маълум бир муддат муайян шахслар ҳаракатланиши эркинлигига чеклов жорий этиш ҳуқуқини ҳам беради.

Ҳозир Шенген ҳудудига Австрия, Бельгия, Болгария, Венгрия, Германия, Греция, Дания, Италия, Исландия, Испания, Латвия, Литва, Лихтенштейн, Люксембург, Мальта, Нидерландия, Норвегия, Польша, Португалия, Руминия, Словакия, Словения, Финляндия, Швейцария, Швеция ва Эстония киради.
Шенген визаси шартномага аъзо ҳар қандай давлатга вақтинча саёҳат қилиш имконини беради. Саёҳат сабаби ва қолиш муддати виза турини белгилайди.
Ушбу ягона виза (C тоифаси) иштирокчи мамлакатларга исталган 180 кунлик муддатда 90 кунгача эркин саёҳат қилиш имконини беради.
С.Раҳимов,ЎзА