Донор “ҳадя берувчи” деган маънони англатади. Донорлик қилиш савобли ва хайрли иш, инсонлар орасида ўзаро меҳр-оқибат ва инсонийлик туйғуларининг кенг қулоч ёйишига замин бўлувчи ҳаракатдир.
2005 йил май ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Халқаро Ассамблеясида дунё давлатлари соғлиқни сақлаш вазирлари беғараз қон донорлигини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги таклифни маъқуллаган. Шундан буён 14 июнь — Бутунжаҳон донорлар куни сифатида кенг нишонлаб келинади.
Донорлик кўмаги туфайли қон топширган ҳар бир инсон кимгадир умр бағишлайди, кимнингдир соғлиғини тиклашга, ҳаётини сақлаб қолишга ҳисса қўшади. Хаста бемор ва унинг яқинлари ҳаётига нур ва қувонч олиб киради. Шундай экан, мазкур хайрли ишда қатнашиш шараф ва юксак савоб, инсонпарварлик, инсонийлик намунасидир.
Мутахассислар фикрига кўра, қон донори 18 ёшдан юқори, вазни 50 кгдан ортиқ бўлиши, сурункали касалликлардан холи, соғлом инсон бўлиши керак. Шунингдек, аёл донорларда қон гемоглобин миқдори 120 г/л, эркакларда эса 128-130 г/л дан баланд бўлиши талаб этилади. Битта донордан олинадиган 350-400 мг қон икки нафар беморнинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.
Юртимизда ҳам донорлик ҳаракатини оммалаштириш, аҳоли ўртасида беғараз ёрдам муҳитини кучайтириш, донорлик маданиятини шакллантириш, қон захирасини тўлдиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, миллий қонунчилигимизда донорлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилди. “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони таъсис этилиб, мукофот билан тақдирланган шахсларга улар учун қулай бўлган вақтда меҳнат таътилига чиқиш, шаҳар жамоат транспортининг барча турларидан бепул фойдаланиш, санаторий-курортларда даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш имконияти яратилди.
Донорлик соҳасидаги ҳар бир ҳаракат инсон ҳаёти ва саломатлигини асрашга қаратилган инсонийлик ҳаракатидир. Шундай экан, донорлик қила олиши мумкин бўлган инсон ўзгалар саломатлиги йўлида ҳисса қўшишга ҳаракат қилса, жамиятда донорлик маданияти янада юксалади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА