Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 14 декабрь куни электр станциялар орқали 254,5 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Шундан истеъмолчиларга 247,2 миллион киловатт соат электр энергияси етказиб берилган.
Ушбу манбани ишлаб чиқариш учун иссиқлик электр станцияларда 43,5 миллион метр куб табиий газ, 18,1 минг тонна кўмир, 12,1 минг тонна мазут ёқилган. Мамлакатимиз табиий газ истеъмоли эса 159 миллион метр кубни ташкил этган.
Вазирлик матбуот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев таъкидлаганидек, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини биринчи навбатда табиий газ билан таъминлаш ҳамда қувурлардаги босимни ростлаш мақсадида ҳудудларда киритилган чекловларга амал қилинмоқда.
– Юзага келган ортиқча талабни қоплаш мақсадида ҳудудларга автобензин ва дизель ёнилғиси миқдори оширилган тарзда етказиб берилмоқда. Хусусан, кеча “Ўзбекнефтгаз” жамияти томонидан Фарғона водийсидаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига жами 1028 тонна жумладан, Андижон вилоятида 406 тонна, Наманган вилоятида 346 тонна ва Фарғона вилоятида 276 тонна автобензин етказиб берилди. Шунингдек, Россия Федерациясидан импорт асосида олиб келинаётган АИ-92 К5 русумидаги автобензин ҳажми янада оширилди.
Шу билан бирга, республика ҳудудлари бўйлаб электр тармоқлари ва трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиши ҳисобига юзага келган носозликлар бартараф этиб борилмоқда. Кеча мамлакатимиз бўйлаб электр қурилмаларда юзага келган 15 та, газ таъминотида юзага келган 9 та носозлик бартараф этилди. Таъминотдаги узилишлар юзасидан Энергетика вазирлиги тизим ташкилотларига истеъмолчилардан келиб тушган 1858 та мурожаат махсус бригадалар томонидан бартараф этилди. Табиий ва суюлтирилган газ таъминоти бўйича 1037 та мурожаат келиб тушди. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича тезкор чора-тадбирлар олиб борилди.
Ҳозирги вақтда “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятидан табиий газ олувчи 1 минг 204 та метан заправканинг 624 таси белгиланган график асосида ишламоқда, – деди АОКАда ўтказилган брифингда Ҳасан Тошхўжаев.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА