Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
139 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилди
10:56 / 2020-11-30

Ушбу маълумот Андижон вилояти ҳокимлигида вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари, мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида вилоятдаги коррупция ҳолатлари таҳлилига бағишланган йиғилишда вилоят прокурори Ғайратжон Фозилов томонидан маълум қилинди.

Таъкидланишича, кейинги икки йил давомида вилоятда 139 нафар мансабдор шахс томонидан содир этилган турли кўринишдаги коррупциявий ҳолатлар натижасида давлатга 18 миллиард сўм зарар етказилган. Жумладан, 17 миллиард сўмдан зиёд бюджет маблағларини талон-тарож қилганлиги учун 30 нафар масъул ва мансабдор шахс жазога тортилган.

Коррупция билан боғлиқ ҳолатлар асосан, қурилиш, банк, энергетика соҳаларига тўғри келган. Ҳудудий жиҳатдан жиноятлар Андижон шаҳри, Хўжаобод, Асака, Жалақудуқ, Марҳамат, Олтинкўл, Булоқбоши туманларида нисбатан кўпроқ қайд этилган.

Биргина “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури доирасида аҳолига ажратилиши лозим бўлган 700 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит маблағлари банк мансабдорлари томонидан талон-тарож қилинган.

Бўлиб ўтган йиғилишда вилоятда коррупция билан боғлиқ ҳолатлар, уларнинг сабаблари атрофлича таҳлил қилинди. Коррупция иллатига қарши курашиш, келиб чиқишининг олдини олиш, бу борада мансабдор шахслар масъулиятини ошириш юзасидан зарур вазифалар белгилаб олинди.

 

Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА