Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
139 минг 877 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди
12:05 / 2024-12-29

Андижон вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармасининг жорий йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоби ҳамда келгуси йилга белгиланган вазифалар ижроси юзасидан йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда бошқарма мутасаддилари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, “Оқила аёллар” ҳаракати фаоллари, туман, шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари, Оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари иштирок этди. Унда мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, жамият ва оиладаги нуфузини ошириш, уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ҳамда ҳал этиш, шунингдек, оила қадриятларини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди. Мазкур йўналишда  вилоятда амалга оширилган ишлар таҳлил этилди.    

Йиғилишда Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнорахон Аҳмедованинг бошқарма томонидан жорий йилда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи тингланди.  

– Йил бошидаги ўрганишлар асосида вилоятдаги 909 та маҳаллада 90 минг 250 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилди, – дейди Гулнорахон Аҳмедова. – Улар тасдиқланган рўйхатлар бўйича 6 тоифага ажратилиб, тизимли ишлар олиб борилди. Натижада бугунги кунга қадар уларнинг 90 минг 136 нафарига зарур ёрдамлар кўрсатилди.  

Жорий йил давомида ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, айниқса, уларни тадбиркорликка жалб этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ана шу йўналишда олиб борилган ишлар натижасида 139 минг 877 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.  

Тадбиркорликка жалб қилиш ҳамда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармалари ҳисобидан 4 минг 967 нафар хотин-қизга турли йўналишларда ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш учун 27,7 миллиард сўм миқдорида субсидия маблағлари берилди. Бундан ташқари, 19 минг 78 нафар хотин-қизга ўз бизнес-лойиҳаларини амалга ошириш учун 417,1 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди.  

Йиғилишда, шунингдек, “Аёллар дафтари” орқали хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, оилалардаги маънавий муҳитни яхшилаш, ажримларнинг олдини олиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик борасидаги ишлар ҳам муҳокама қилинди.  

Иштирокчилар томонидан мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, сифати ва самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, келгуси йилда амалга ошириладиган асосий вазифалар бўйича режалар белгилаб олинди.  

Якунда жорий йил давомида самарали ва намунали иш олиб борган бир гуруҳ ҳамкор ташкилотлар вакиллари, тизимдаги фаол ва ташаббускор хотин-қизлар ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари