Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
135 минг АҚШ доллари пора олмоқчи бўлган ҳокимият масъулларига нисбатан суд ҳукми ўқилди
19:02 / 2021-06-05

Андижонда Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг судьяси А.Ғаппоров раислигида Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 4-қисми “а” банди, 28-, 211-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбланган бир гуруҳ фуқароларга оид жиноят иши кўриб чиқилди.

Иш ҳужжатлари ва судда аниқланган ҳолатларга кўра, судланувчи А.О. вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Кичик саноат зоналарини бошқариш ягона дирекцияси” бош мутахассиси вазифасида ишлаб келиб, вилоят ҳокимлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси хўжалик мудири-ғазначи С.У., “Универсал водий гипс” МЧЖ раҳбари У.А. ҳамда фуқаро А.У. билан олдиндан тил бириктириб, тадбиркорга Хўжаобод тумани ҳокимлиги мансабдор шахслари орқали туман ҳудудида чорвачилик фермер хўжалиги ташкил қилиш учун жами 100 гектар ер майдони ажратиб, ҳужжатларини тайёрлаб беришлари эвазига, фирибгарлик йўли билан фуқародан жами 135 минг АҚШ доллари миқдорида пора олмоқчи бўлган.

Уюшган жиноятчилар гуруҳи дастлаб фуқародан ана шу мақсад учун 7 мингАҚШ доллари миқдорида пора олган.

Жорий йилнинг 29 март куни Андижон шаҳрининг Бўстон даҳасида қолган 128 минг АҚШ долларини олаётганларида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти Андижон вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинган.

Шу куни мазкур жиноий гуруҳ аъзоси бўлган фуқаро А.О. нинг ихтиёрий розилигига кўра давом эттирилган тезкор тадбирда, вилоят ҳокимлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси хўжалик мудири-ғазначи вазифасида ишлаб келган С.У. фирибгарлик йўли билан олинган 135 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулдан ўзига тегишли 70 минг АҚШ долларини жиноий шериги А.О.дан Андижон шаҳар, Пушкин кўчасида жойлашган Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалининг автотураргоҳида олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти ходимлари томонидан ушланган.

Суд мазкур ишни кўриб чиқиб, юқоридаги қайд этилган жиноий ҳаракатлар учун А.О.гаЎзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 25, 168-моддаси 4-қисми “а” банди, 28-, 211-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, 3 йил мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 10 йилу 6 ой муддатга, А.У.га Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 25, 168-моддаси 4-қисми “а” банди, 28-, 211-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан айбли деб топилиб, 10 йилу 2 ой муддатга, фуқаро У.А.га Жиноят Кодекси 25-, 168-моддаси 4-қисмининг “а” банди, 28-, 211-модда 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, 10 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Масъул вазифада ишлаган С.У. жинояти учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 25-, 168-модда 4-қисми “а” банди, 28-, 211-модда 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилди. 3 йил мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда унга 10 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА