Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
131 минг гектардан зиёд майдонда агротехник тадбирлар бажарилишида камчиликларга йўл қўйилган
15:09 / 2023-08-03

Республикамизда жорий йил ҳосили учун 1 миллион 12 минг 436 гектар ер майдонида ғўза парвариш қилинмоқда. Жорий йилнинг 3 август ҳолатига мамлакатимиз ҳудудларида парвариш қилинаётган ғўза майдонларининг 50 минг гектари 5-6 кўсак, 221 минг гектари ёки 7-8 кўсак, 538 минг гектари ёки 35 фоизи 9-10 кўсак ҳамда 382 минг гектари ёки 38 фоизи 11-12 кўсак фазасида ривожланмоқда.

“Ўзагроинспекция” ахборот хизмати маълумотларига кўра, ғўза қатор ораларига ишлов бериш учун жорий йилда республика ҳудудларидан 19 минг 702 дона культиватор жалб қилиниб, бугунги кунгача ушбу тадбир 7,8 марта амалга оширилди.  

Шунингдек, жойларда бугунги кун ҳолатига 972 минг гектар ёки 96 фоиз ғўза майдонларида чилпиш (чеканка) ишлари бажарилган. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Сурхондарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларида ушбу тадбир якунланган бўлса, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё вилоятларида 90-97 фоиз ғўза майдонларида чилпиш ишлари ўтказилди.  

“Ўзагроинспекция” томонидан ғўза майдонларида чилпиш ишларининг муддатида ва сифатли ўтказилиши бўйича жойларда мониторинг тадбирлари олиб борилмоқда. Ўтказилган мониторинг тадбирлари давомида 1 минг 309 та фермер хўжаликларининг 10 минг 205 гектарида чилпиш ишлари кеч ёки сифатсиз амалга оширилгани маълум бўлди.  

Инспекция томонидан агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажарилиши бўйича кунлик назорат ўрнатилиб, аниқланган камчиликларни бартараф қилиш бўйича таъсир чоралар қўлланиб келинмоқда.  

Жумладан, ҳудудлардаги мутахассислар томонидан республикада мавсум давомида ғўза майдонларида назорат тадбирлари ўтказилиб, 15 минг 953 та фермер хўжалигининг 131 минг 853 гектар майдонида агротехник тадбирлар бажарилишида хато-камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди.  

Ғўза парваришида юқорида қайд этилган салбий ҳолатларни бартараф этиш бўйича туман ҳокимликларига, соҳага алоқадор ташкилотларга 128 та тақдимнома, фермер хўжаликлари ва кластер корхоналари раҳбарларига 12  минг 782 та огоҳлантиришлар берилди.  

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА