130 та дарё, кўл ва булоқнинг расмий номи белгиланди
Мамлакатимизда давлат тилига бўлган эътибор янги босқичга кўтарилди десак, муболаға бўлмайди. Ўзбек тилидаги миллий контентларни кўпайтириш, барча соҳаларда объектларни ўзбекча номлаштириш фикримизнинг исботи.
Ҳукумат қарорига мувофиқ, 130 та сув объекти дарё ва сойлар, кўллар, булоқлар, шаршаралар ҳамда сув омборларининг давлат тилидаги номлари тасдиқланди. Қолаверса, рўйхатга янги гидронимлар ҳам киритилди. Яъни, Сассиқсой номи Шўрсув, Гаистон сел сув омбори Янгиқўрғон деб аталди. Жиннидарё эса Зўғатасой деб ўзгартирилди.
Бундан аввал 320 та темирйўл объектининг номи давлат тили талабларига мослаштирилган эди. Энди навбат тоғлар ва тоғ тизмалари, чўққилар, довонлар ва ғорлар номларини тартибга солишга келди.
Эслатиб ўтиш жоиз, бундан буён объектларни номлашда давлат тили қоидаларига амал қилмаслик белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.
Шербек Исломов,
ЎзА