Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
13 ёшли қизга суиқасд қилиб, тақинчоқ ва пулларни ўғирлаган босқинчи аёл қўлга олинди
14:07 / 2020-11-19

Мазкур ҳолат юзасидан тергов-тезкор гуруҳи томонидан суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилади.

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, жорий йилнинг 16 ноябрь куни соат 18:10 да Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси навбатчилик қисмига Республика Шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали навбатчи шифокори қўнғироқ қилиб, шаҳарнинг Қ.Муртазоев кўчасида яшовчи 2009 йилда туғилган, 5-синф ўқувчиси, ота-онаси карамоғида бўлган вояга етмаган Ф.М. исмли қизнинг бош соҳасидан тан жароҳати олиб касалхонага ётқизилганлигини маълум қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан тергов-тезкор гуруҳи томонидан суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилади. Тергов ҳаракатлари давомида вояга етмаган Ф.М. ўз уйида ёлғиз бўлган вақтида у истиқомат қилиб келаётган кўп қаватли уйнинг 1-қаватидаги гўзаллик салонида ишловчи, 1985 йилда туғилган, оилали, 2 нафар фарзанднинг онаси, Бухоро туман Тор-Тор маҳалла маҳалласида яшовчи аёл фуқаро М.Ш., уйда вояга етмаган қизнинг ёлғизлиги ва ота-онасининг чиқиб кетганлигидан фойдаланган ҳолда хонадонга киради. Фуқаро М.Ш. вояга етмаган Ф.М. нинг бош қисмига ёнида ўзи билан олиб келган қўлбола усулда тайёрланган темир болғача (молоток) билан уриб ёради. Бу ҳам етмагандек унинг юзига ёстиқ билан босиб бўғиб, Ф.М. ҳушидан кетганидан сўнг уни ўлди деб ўйлаб, хонадондан 12 хил турдаги аёллар тилла ва кумуш тақинчоқлари, 100 АҚШ доллари ва 6.250.000 (олти миллион икки юз эллик минг) сўм нақд пулларни ўғирлаб кетганлиги аниқланган. Гумонланувчи шахсдан ўғирланган тақинчоқ ва пуллар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан М.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,97-моддаси (қотилликка суиқасд) 2-қисми “и” банди ва 164-моддаси (босқинчилик) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда жиноят содир қилганликда гумон қилинувчи фуқаро М.Ш. қамоққа олинган.

Ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА