Кутилмаганда содир бўладиган турли кўринишдаги табиий офатлар инсон ҳаёти, саломатлиги, инфратузилма ва табиат учун, қолаверса, мамлакатнинг иқтисодиёти учун жиддий таҳдид ҳисобланади.
Ҳар йили тошқинлар, зилзилалар, бўронлар, сел ва қурғоқчилик каби офатлар минглаб инсон ҳаётига таъсир кўрсатади. Шу боис, турли офатларнинг олдини олиш, бунга тайёргарлик кўриш ва улардан келадиган зарарни камайтириш чора-тадбирларини ҳозирлаш муҳим масалалардан.
Бу борада 1989 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 44-сессиясида қабул қилинган резолюцияга биноан 1990-1999 йиллар табиий офатлар хавфини камайтириш ўн йиллиги деб эълон қилинган. Шу давр мобайнида ҳар йили октябрь ойининг иккинчи чоршанбаси Халқаро табиий офатлар хавфини камайтириш куни деб эълон қилинган. Ушбу йўналишдаги кенг миқёсли чора-тадбирларни давом эттириш мақсадида БМТ Бош Ассамблеясининг 2017 йил 17 январдаги резолюциясига асосан 13 октябрь санаси мунтазам равишда Халқаро ҳалокатлар хавфини камайтириш куни деб эълон қилинган.
БМТ томонидан барча аъзо давлатлар ва халқаро ташкилотларга ушбу кунни муносиб даражада нишонлаш, турли ҳалокатларнинг олдини олиш ва уларнинг хавфини камайтириш бўйича дастурий режалар ишлаб чиқиш, имкон қадар талафотларга йўл қўймаслик чораларини кўриш тавсия этилади.
Қайд этиш лозимки, мамлакатимизда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлар ҳамда бошқа тегишли идоралар турли офатларнинг олдини олиш, аҳолининг бу борадаги ҳушёрлигини ошириш борасида мунтазам фаолият олиб боради.
Хавфни олдиндан таҳлил қилиш, ҳуқуқий-меъёрий базани мустаҳкамлаш алоҳида аҳамиятга эга. Бунинг учун табиий ҳудудларни ҳимоя қилиш ва деградациядан сақлаш, экологик тоза ҳудудлар тизимини қонуний мустаҳкамлаш, сув ресурсларини асраш, барқарор инфратузилма ва табиий мувозанатни тиклаш, фуқароларда экохабардорлик ва хавфлар туйғуси шакллантириш, фавқулодда вазиятларга тайёргарлик ва зудлик билан реакция тизимини кучайтириш лозим бўлади.
Табиий офатлар хавфини камайтириш бир жиҳатдан экология ва атроф-муҳитга бўлган муносабатларимиз билан чамбарчас боғлиқ. Шундай экан, Ер сайёрасига зарар келтирадиган ҳаракатлардан тийилиш, табиий муҳитни асрашга ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг вазифамиздир.
Муҳтарама Комилова, ЎзА