Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, хорижий мамлакатлардаги вақтинча ишсиз қолган юртдошларимизни ва карантин чекловлари сабабли чет элга ишга кетолмаган фуқароларни хорижга ишга жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда Бирлашган Араб Амирликларининг «AS Unique Human Resourses Consultant» компанияси ўртасидаги келишувга мувофиқ, жорий йилнинг 10-18 ноябрь кунлари мазкур компания вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида фуқароларни ишга жалб қилиш мақсадида Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Наманган вилоятларида танловлар ўтказилгани ҳақида хабар берилган эди.
Бугун, 16 декабрда Бирлашган Араб Амирликларининг «APLEONA SAM FACILITY MANAGEMENT L L C SANED» компаниясида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун 13 нафар юртдошимиз чартер рейс орқали жўнаб кетди.

Мазкур фуқаролар 14-15 декабрь кунлари тиббий кўрикдан ўтказилиб, улар билан ўқитиш-кўниктириш тадбирлари олиб борилди.
Фуқароларнинг транспорт, овқатланиш, ҳужжатларни расмийлаштириш, агарда ишчида касаллик аниқланса, унинг даволаниши иш берувчи компаниялар томонидан таъминланиши белгиланган.
Юртдошларимиз белгиланган эпидемиологик талаблар ва карантин чекловларига риоя қилган ҳолда “қўриқлаш хизмати” (security) соҳасига турли объектларни қўриқлаш ишларига жалб қилинади.
ЎзА