Бухоро вилояти Пешку туманидаги “Zuhal Hunar Zar” масъулияти чекланган жамияти фаолияти йилдан йилга такомиллашмоқда.
Туманнинг “Ибн Сино” маҳалла фуқаролар йиғини Қўрғонтепа қишлоғидаги бу корхона бундан 15-20 йил олдин “Пешкутекс” масъулияти чекланган жамияти шаклида фаолият юритган. Хом ашё таъминотидаги етишмовчилик ва муаммолар кейинчалик ишлаб чиқариш ва табиийки, моддий имконият чекланишига олиб келди. 2002 йилда ташкил топган корхона 2016 йилда бутунлай инқирозга учраган.
2020 йил июнь ойида маҳаллий тадбиркор Умид Баҳронов ташаббуси билан корхона фаолияти қайта тикланди. “Ўзмиллий банк” АЖ вилоят филиали ва У.Баҳронов ўртасида 5 йил муддатга олди-сотди шартномаси тузилиб масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Zuhal Hunar Zar” корхонаси қайта ташкил этилди.
Ҳозирда корхонада минг тоннадан ортиқ хом ашё қайта ишланиб, ип-калава тайёрланмоқда. Ўтган икки йил давомида юздан зиёд киши меҳнат қилаётган корхона жамоаси молиявий натижаларини яхшилади. Маҳсулотнинг 70 фоиздан ортиғини Россия, Польша, Туркия ва Покистон давлатларига экспортга чиқариш ҳисобидан ишчиларга 1,5 -2 миллион сўм атрофида ойлик маош тўланаётир. Корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулот тан нархини арзонлаштириш ва рақобатбардошлигини ошириш, 2024 йил якунига қадар тайёр момиқ сочиқ ва чойшаблар ишлаб чиқариш режалаштирилган.
– Муҳими, бугунга келиб корхонанинг мажбурий тўловлар ва ҳамкорлардан муддати ўтган қарздорлиги йўқ, – дейди “Zuhal Hunar Zar” корхонаси иш юритувчиси Шароф Амонов. – Фақат, бунда яқин ҳамкор сифатида Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги “Expo collor print teks” МЧЖ каби буюртмачиларнинг пахта толасини қайта ишлаш эвазига олинган хизмат ҳақи ҳисобидан фаолият юритяпмиз. Мазкур водий корхонаси билан жорий йил якунига қадар ҳамкорликда ишлаш учун ўзаро шартнома тузилган.
Корхона биносида хитой технологияси асосида томчилатиб суғориш қувурларини ишлаб чиқариш цехи ҳам ижара асосида фаолият юритмоқда. Қиймати 1 миллион АҚШ долларига тенг мазкур лойиҳанинг ҳозирда 400 миллион АҚШ долларига тенг дастлабки босқичи ишга тушган. Натижада 13 нафар маҳаллий ёшлар иш билан таъминланган.
Мазкур лойиҳа атроф-муҳитга экологик номутаносибликнинг олдини олиши билан аҳамиятли. Чунки кенг пахта ва бошқа экин майдонларига жорий қилинаётган томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияси кўп миқдорда резина-пластмас шланг ва яна бошқа ашёларни тақозо этади. Улар чиқиндисини қайта ишлаш орқали яна амалиётга жорий этиш эса мақсадга мувофиқ иш.
Бу лойиҳа давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 24 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида берган топшириғи асосида ҳар бир шаҳар-туманда 50 миллион АҚШ долларига тенг тўғридан-тўғри хорижий инвестицияни киритиш дастурига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Корхона таъсисчиси, хитойлик сармоядор Hu Zhuyu мазкур суғориш қувурларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш лойиҳасига 1 миллион АҚШ доллари киритишга тайёрлигини билдирган. Айни пайтда масъулияти чекланган жамияти шаклидаги "FENG YE — TOMCHILATIB SUG‘ORISH" хорижий корхонаси томонидан биринчи босқичда 400 минг АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция жалб қилинган. Цехда кунига 20 тонна фойдаланилган қувурдан гранула ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Бир соатда 7 минг 200 метр томчилатиб суғориш резина қувури ишлаб чиқарилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА