Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
13 нафар бола Германияда даволанадиган бўлди
19:20 / 2024-05-30

Самарқанд вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва Германиянинг халқаро “Friedensdorf International” хайрия ташкилоти ҳамкорлигида тиббий кўрик ташкил этилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Жиззах, Навоий вилоятларида яшовчи, куйишдан кейинги асоратлари мавжуд, шунингдек, таянч ҳаракатида жиддий нуқсонлари бўлган болалар германиялик ва маҳаллий шифокорлар кўригидан ўтди.

– Германиянинг ушбу хайрия ташкилоти билан 20 йилдан ортиқ вақтдан буён ҳамкорлик қиламиз, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Самарқанд вилояти ҳудудий филиали раҳбари Раҳима Раҳмонова. – Ўтган давр мобайнида улар юртимизнинг турли ҳудудларида яшовчи, асосан куйишдан кейинги ёки таянч ҳаракатида жиддий нуқсонлари мавжуд 450 нафарга яқин болани Геранияга олиб бориб, мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажардилар, зарур муолажалар амалга оширилди. 

[gallery-17627]

Бугун ҳам юз нафарга яқин болани текширувдан ўтказиб, операцияга жуда муҳтож бўлган 13 нафар бола танлаб олинди. 

Самарқандлик 16 ёшли Чинора Жўрақулова Даун синдроми билан туғилган. Онасининг айтишича, бундан бир йил аввалги бахтсиз ҳодиса оқибатида бола 25 фоиз куйиш жароҳатини олган. Шифокорлар текшируви давомида у операцияга муҳтож эмаслиги айтилиб, зарур дори-дармонлар тавсия этилди. Жиззахлик 5 ёшли Фаёзжон Акрамовга эса Германияда даволаниши кераклиги ҳақда хулоса берилди.

– Уч йил олдин бахтсиз ҳодиса натижасида ўғлим 80 фоиз куйиш жароҳатини олганди, – дейди унинг онаси, Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидан келган Нилуфар Ҳакимова. – Тошкентда операция қилдирдик, бармоқларининг ораси очилди, аммо асоратлари ҳали кўп. Юз соҳаси, танасидаги баъзи аъзолари нормал ҳолатга қайтиши учун кўп муолажа керак экан. Бугун шифокорлар ўғлимни Германияда даволаш учун рўйхатга олишди. 

Кўрик давомида “Friedensdorf International” халқаро хайрия ташкилоти томонидан қандли диабетга чалинган 190 нафар болага глюкометр аппарати берилди. Шунингдек, юрагида нуқсони бўлган 35 нафар боланинг жарроҳлик амалиёти учун ҳам зарур миқдордаги маблағ ташкилот томонидан ажратилиши айтилди. 

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари