Мамлакатимизда жазони ижро этиш тизимини такомиллаштириш, маҳкумларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Маҳкумларни ахлоқан тузатиш бўйича Қашқадарё вилоятида ҳам комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ҳудудларда ташкил этилган пробация хизматларининг ҳудудий бўлимлари томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда шартли ҳукм қилинган ва жазони ўташ муддатидан олдин шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш, назорат остидагилар, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган вояга етмаганларнинг ижтимоий мослашуви, ишга жойлашишига, шу жумладан, уларнинг касбий тайёргарлиги бўйича бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз тумани судининг навбатдаги сайёр суд мажлисида туман ИИБ пробация назоратида турган 13 нафар маҳкумни муддатидан аввал озод қилиш тўғрисидаги тақдимномалар кўриб чиқилди. Улар жазо муддатини ўташ даврида ўрнатилган тартиб-қоидаларга амал қилганлиги ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлганлиги сабабли белгиланган жазодан муддатидан олдин озод қилинди.
– Ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди, – дейди Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз тумани суди раиси Фазлиддин Чориев. – Кутилмаганда, баъзан билиб, билмасдан ҳаётнинг эгри йўлларига кириб қолади. Лекин бу билан ҳаммаси тамом, дегани эмас. Ҳар доим имкон топилади. Инсон борки адашади. Мақсадимиз, пробация гуруҳида ҳисобда туриб жазо муддатини ўтаётган, жазони ўташ давомида намуна кўрсатган, маъмурий ҳуқуқбузарлик, жиноят содир этмаган, қилган ишидан пушаймонлигини билдирган, тўлиқ тузалиш йўлига ўтган, иш жойидан, маҳалладан ижобий тавсифланган, соғлом турмуш тарзи кечираётган, жамиятимизда олиб борилаётган оқилона сиёсатни тўғри тушуниб етган, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган шахсларни соғлом ҳаётга қайтариш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдир.
Аёлми, эркакми жиноятга қўл урдими жавобгарлик муқаррар. Содир этган жинояти сабаб жазога ҳукм қилинган аёл учун энг оғриқли жиҳат бу уятдир дейди, мазкур судда озод қилинган аёллар.
– Бугун мен ва оилам учун қувончли воқеа бўлди, – дейди озод этилган аёллардан бири. – Боиси муддатидан олдин суд залидан озод қилиндим. Менга берилган бу имкониятнинг, албатта, қадрига етаман. Бундан кейин жамият ривожига ҳалол меҳнат қилиб, ўз ҳиссамни қўшаман. Оиламни тиклайман. Бир англашилмовчилик сабаб жиноятга аралашиб қолдим. Лекин ўтган давр мобайнида ўзимга тегишли хулоса чиқардим. Баъзан пешонамга битилган бу тамғани юзимга солишганда ич-ичимдан ўксинардим. Озодлик нима эканлигини англаб етдим. Тушундимки, нотўғри йўлдан кетаётган эканман. Эркинликдаги ҳаётни қадрига етиш керак экан.
Суд давомида озод этилган маҳкумларга қайта жиноят содир қилмасликлари, хатолардан хулоса чиқаришлари юзасидан тушунтириш ишлари ҳам олиб борилди. Бу озодлик инсонпарварлик намунаси бўлиб, буни тўғри англаган ҳолда ҳалол меҳнат билан қилган хатоларни тузатиш учун имкондир.
Пробация хизмати томонидан кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда ташкил этилаётган бу каби профилактик ишлар, хайрли тадбирлар назорат остидаги шахслар томонидан қайта жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, жиноятчиликни камайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ўлмас Баротов, ЎзА