13 бош жайронни ноқонуний овлаган фуқаролар ушланди
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси “Барсакелмес” давлат буюртма қўриқхонаси ҳамда “Жанубий устюрт” миллий табиат боғи инспекторлари томонидан ўтказилган рейд тадбири давомида 13 бош жайронни ноқонуний равишда овлаган фуқаролар ушланди.
Жумладан, фуқаролар И.М. ва Е.Ж. тиркамали “Урал” русумли мотоцикл билан фуқаро И.М.га тегишли рухсатномасиз, ноқонуний олиб юрган “ИЖ” русумли ўқотар қуроли ёрдамида Қўнғирот тумани “Устюрт” текислигидан Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган жами 13 бош жайронни ноқонуний равишда овлаб, табиатга 195 миллион сўмлик зарар етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси томонидан фуқаролар И.М. ва Е.Ж.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 202-моддаси 3-қисми “е, ж” бандлари ва 248-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА