Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
13-15 ёшли спортчиларимиз ғалабаси Ўзбекистон стол тенниси тарихида янги зарварақ очди
10:49 / 2022-02-22

Ўзбекистоннинг халқаро имижини юксалтириб келаётган спортчиларимизни катта халқаро майдонларга кузатиб қўяётган ва қаршилайдиган Тошкент халқаро аэропорти.

Бугун 22 февраль куни тунги соат 02:00 да стол тенниси бўйича 50 га яқин мамлакатнинг 400дан зиёд иштирокчилари орасида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган спортчиларимиз кутиб олинди.

Пойтахт аэропортида жам бўлган ота-оналар, мураббийлар ва Спортни ривожлантириш вазирлиги мутасаддилари, Ўзбекистон стол тенниси федерацияси мутахассислари Халқаро стол тенниси федерацияси тизимидаги рейтинг баллари ўйналадиган  аҳамиятли мусобақада 13-15 ёшли ёшларнинг зафар қучганини, Ўзбекистон стол теннисида янги зарварақ очилганини мамнуният билан таъкидлашди.
Айтиш лозимки, стол тенниси бўйича WТТ ёшлар сериясининг нуфузли икки турнири 14-20 февраль кунлари Бельгиянинг Спа ҳамда Франциянинг Мес шаҳрида бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимиз шарафини Шоҳрух Искандаров, Темурбек Нурмонов, қизлардан Марҳабо Магдиева, Асел Еркебаева ва Аружан Камаловалар мураббийлари Анвар Каримов ҳамда Алие Исмаилова қўл остида муносиб ҳимоя қилишди.

Нуфузли мусобақада терма жамоамиз аъзолари 1 та олтин ва 2 та бронза медалини қўлга киритиш билан бирга Халқаро стол тенниси рейтингида керакли балларни жамғаришди.Европанинг бир қатор таниқли мутахассислари томонидан уларга юқори баҳо берилди.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Аружан Камалова ҳамда Асел Еркебаева Франциянинг Мес шаҳридаги турнирда U-13 ёш тоифасидаги баҳсларда бронза медалини ҳисобимизга олиб берган бўлса, Асел Еркебаева Бельгиянинг Спа шаҳридаги турнирнинг финал босқичига қадар бир қатор таниқли рақибларини мағлубиятга учратиб, ҳал қилувчи учрашувда Франциялик Нина Элиза Гуо Женгни драматик тарзда ўтган финалда таслим эта олди. 3-2 (13-11, 4-11, 8-11, 12-10, 12-10) ҳисоби билан рақибини мағлубиятга учратган Еркебаева U-13 ёш тоифасида олтин медалга сазовор бўлди. Ишонч оқланди.

Жаҳон стол теннисида кучли бўлган Хитой, Япония, Франция, Польша, Буюк Британия каби давлатлар қаторида ёш спортчиларимизнинг совриндор бўлгани шарафига кўҳна қитъанинг нуфузли спорт майдонларида Ўзбекистон номи қайд этилди.

– Мусобақа мураккаб ўтган бўлса-да, совринли ўринларга эга бўлдик. Муҳими, икки нафар спортчимиз жаҳон рейтингида қимматли очколарни қўлга киритди. Шу ўринда ушбу спортчиларимизни тарбиялаб келаётган Тошкент вилояти футбол ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби тренерларининг хизмати алоҳида бўлган. Яна бир гап. Ушбу спортчиларимиз ҳозирда 13 ёшда. Яна 6 йилдан кейин бўладиган ёзги олимпия ўйинларида айнан шу спортчиларимиз Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади. Бу галги турнирлар Олимпия ўйинларига тайёргарлик ва муҳим рейтинг очколарни жамғаришда катта аҳамият касб этади, – дейди мураббий Анвар Каримов.

– Биз каби ёш спортчиларнинг халқаро мусобақаларда қатнашиб, ғалабаларга эришишимизга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётганлиги учун мамнунмиз. Насиб бўлса, келгуси турнир ва чемпионатларда янада катта ғалабаларга эришишга бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз,   – дейди 13 ёшли Асел Еркебоева. 
Аэропортдаги тантаналар якунланди, лекин унинг тафти ғолиб спортчиларимизнинг хонадонларида, улар таҳсил олган мактабларда, маҳаллаларда давом этиши шубҳасиз.  

Тўлқин Рўзиев, ЎзА