Мамлакатимизда жорий йилнинг беш ойи мобайнида 12 миллион 231 минг метр квадрат керамик плиткалар ишлаб чиқарилди. Бу ҳақда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси матбуот хизмати маълум қилди.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳаллий керамик плиткалари дунёда ўз ўрнига эга. Боиси, ушбу маҳсулотларга нафақат маҳаллий, балки жаҳон бозорида талаб ўсиб бормоқда. Шу боис корхоналар томонидан янги технологиялар ўрнатилиб, ишлаб чиқариш ҳажми кенгайтирилаётир.
Таҳлилларга кўра, январь-май ойларида республикада мавжуд саноат корхоналарида 12 миллион 231 минг метр квадрат керамик плиткалар ишлаб чиқарилган. Эътиборлиси, уюшмага аъзо корхоналар томонидан 6 миллион 750 минг метр квадрат маҳсулот тайёрланган. Энг кўп маҳсулот Фарғона вилоятидаги йиллик қуввати 4,3 миллион метр квадрат бўлган “MODERNA CERAMIC INDUSTRIES FERGHANA” МЧЖ ҲК томонидан тайёрланган.
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси матбуот хизмати раҳбари Жамшид Шерметовнинг маълумот беришича, ўтган давр мобайнида корхонада 2,635 миллион метр квадрат маҳсулот ишлаб чиқарилган. Самарқанд вилоятида фаолият олиб бораётган экспортёр корхоналардан бири “Prime ceramics” МЧЖ томонидан шу кунгача 1,426 миллион метр квадрат керамик плиткалар мижозларга етказилган. Сирдарё вилоятида жойлашган "Sirdarya Ceramic Production" МЧЖ ҚКда ҳисобот даврида 2,030 миллион метр квадрат маҳсулот тайёрланган.

- Шунингдек, "NATIONAL CERAMICS" МЧЖ ҚК (1,362 миллион метр квадрат), “Great wall ceramic industries” МЧЖ (819 минг метр квадрат), “Orient-ceramic” МЧЖ (759 минг метр квадрат), “Premium elegant ceramics” МЧЖ (230 минг метр квадрат), “Lyux Granit” МЧЖ (686 минг метр квадрат), "Flate Tile" МЧЖ (720 минг метр квадрат) каби корхоналар томонидан маҳаллий керамик плиткалар харидорларга етказилган. Аҳамиятлиси, ўтган даврда корхоналар томонидан 12,8 миллион долларлик керамик плиткалар экспорт қилинган. Бу борада “Prime ceramics” МЧЖ, “Orient-ceramic” МЧЖ ва “Moderna ceramic industries Fergana” МЧЖ ларида кўрсаткичлар юқори ҳисобланади. Миллий маҳсулотларимизни экспорт қилишда Қозоғистон Республикаси пешқадам. Қўшни давлатга 4 миллион 485 минг метр квадрат керамик плиткалар етказиб берилган. Шунингдек, Тожикистон Республикаси 4,190 миллион долларлик, Қирғизистон эса 2,167 миллион долларлик маҳсулот харид қилди, - деди Жамшид Шерметов.
Юртимизда ишлаб чиқарилган керамик плиткалар Россия Федерацияси (37,3 минг метр квадрат) ва Озарбайжон (104,783 метр квадрат)га ҳам экспорт қилинди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА тайёрлади, ЎзА