Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
125 йиллик тарихга эга меъморий обида нега қаровсиз аҳволга келди?
14:33 / 2023-12-22

Маданий мерос агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, фуқаролардан Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида жойлашган 125 йиллик тарихга эга “Узун ҳовуз” маданий мерос ёдгорлиги қаровсиз ҳолга келиб қолгани ва ҳудудий мутасадди ходимларнинг эътиборсизлиги юзасидан мурожаат келган.

Қайд этилишича, вилоятда жойлашган ушбу меъморий обида 3 йилдан буён қаровсиз ҳолатда қолдирилган ва том қисми очиқлиги сабабли бино авария ҳолатига келиб қолган. Вилоятда яшовчилар бир неча бор мурожаат қилган бўлсада, муаммо ўз ҳолига ташлаб қўйилган.  

Ўрганишлардан маълум бўлишича, “Узун ҳовуз” масжиди маданий мерос объектини 2020-2021 йиллар давомида таъмирлаш ва тиклаш учун республика бюджетидан 1 миллиард 245 миллион сўм пул маблағи ажратилган. Маданий мерос департаменти ва пудратчи ташкилот (“Маданий мерос объектларини тиклаш” МЧЖ) ўртасида тузилган шартномага асосан объектда 2020-2021 йилларда қисман таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилган. Бироқ, бинонинг хонақоҳ ҳамда айвон қисмларида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари учун алоҳида маблағ ажратилмагани сабабли якунига етказилмай қолган.  

Тарихий обидани қиш мавсумидаги ёғингарчиликлардан ҳимоя қилиш учун тезкор чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш ҳамда бинони асраб қолиш юзасидан Фарғона вилоят бошқармаси томонидан “Узун ҳовуз” меъморий ёдгорлигини таъмирлаш ва тиклаш ишларини якунига етказиш учун “2024 йил давомида асрашга доир ишлар амалга ошириладиган маданий мерос объектларининг манзилли рўйхати”га киритиш бўйича таклиф берилди.  

Шу билан бирга, Агентлик директорининг биринчи ўринбосари томонидан Фарғона вилояти Маданий мерос бошқармаси бошлиғига 2024  йилдан бошлаб ҳар ойда бир маротаба ҳудудий маслаҳат кенгаши аъзолари билан учрашув ўтказиш лозимлиги ва вилоятда жойлашган маданий мерос объектларининг бугунги кундаги ҳолатини ўрганиб чиқиш юзасидан "йўл харитаси" ишлаб чиқиш зарурлиги айтилди.  

– Биз касбимизга масъулиятсизлик ва совуққонлик билан ёндашсак тарих бизни кечирмайди, – дейди Маданий мерос агентлигининг директор ўринбосари Турсунали Қўзиев. – Ота-боболаримиздан қолган меросни асрашга бефарқ бўлсак, тарихнинг бир қисми сифатида аждодларимиздан етиб келган шонли ўтмишимиздан сўзловчи асори-атиқаларимиз, меъморий обидаларимизни бирин-кетин йўқотиб қўйишимиз мумкин.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА