Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
123 нафар битирувчига олтин ва кумуш медаллар топширилди
08:42 / 2022-06-21

Фарғона вилояти Бағдод туманида умумтаълим мактабларида 11-синфни 2 минг 150 нафар ўғил-қиз тамомлади. Улар орасида алоҳида иқтидор ва истеъдод эгалари бисёр. Буни, жумладан, битирувчиларнинг 117 нафари аъло ўқиши ва намунали хулқи учун олтин медаль, 6 нафари эса кумуш медалга сазовор бўлганида ҳам кўриш мумкин.

Туман ҳокимлиги катта мажлислар залида медаллар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди. Таъкидлаш керакки, энг кўп олтин медални тумандаги 3-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати битирувчилари (14 нафар) қўлга киритди. Ушбу таълим муассасаси битирувчиси Ҳусанбой Ғойибназаров ўқув йили давомида турли халқаро олимпиадаларда муваффақиятли қатнашиб, АҚШдаги 17 та ва Ўзбекистондаги 4 та энг нуфузли олий ўқув юртларида ўқиш имкониятини ҳамда 1 миллион АҚШ долларидан зиёд грант маблағларини қўлга киритди.

– Мен булар орасидан Миссисипи штатидаги халқаро университетни танладим, – деди Ҳусанбой. – Насиб бўлса, келгусида она Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги учун муносиб ҳисса қўшувчи кадр бўлиб етишаман. Хорижда олажак бор билимимни, ғайрат-шижоатимни жонажон Бағдодимизнинг гуллаб-яшнаши йўлида сафарбар этаман.

Тумандаги 17-умумий ўрта таълим мактаби битирувчиларидан бири Шаҳло Раҳмонова ҳам яқинда Москва давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультети талабаси бўлди. У яқин кунларда Россия Федерацияси пойтахтига жўнаб кетади. Туман ҳокими Юсуфжон Ҳусаинов ва сектор раҳбарлари озод ва обод юртнинг эртанги куни эгалари сифатида қанот ёзиб, келажак сари дадил парвозга чоғланган битирувчиларга омад ва муваффақият тиладилар.

М. Сулаймонов,

ЎзА