Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
122 та назорат тадбири давомида 56 та қонунбузулиш ҳолати аниқланди
10:54 / 2021-06-25

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Навоий вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторлари томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш, соҳада йўл қўйилаётган турли хато ва камчиликларни бартараф этиш, унинг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг 11-20 июнь кунлари 122 та назорат тадбири ўтказилди.

Уларда 56 та қонунбузулиш ҳолатлари аниқланган бўлиб, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сувдан оқилона фойдаланишда ҳали ҳамон эътиборсизликка йўл қўйиб келинаётганлиги маълум бўлди. Сувни исроф қилиш, суғориладиган ғўза майдонларини кўллатиб юбориш, сувни тўғридан-тўғри коллектор-дринаж тармоқларига ташлаб қўйиш ва бошқа ҳолатлар аниқланиб, бу бўйича таъсир чоралари кўрилди.

– Текширишлар давомида аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан жами 24 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарорлар қабул қилиниб, 4 миллион 255 минг сўмлик маъмурий жарималар қўлланилган, – дейди «Ўзагроинспекция» вилоят бошқармаси ташкилий-назорат ва таҳлил бўлими бош инспектори Орифжон Назаров. – 113 та субъектга огоҳлантириш, 7 та тақдимнома ва 7 та ёзма кўрсатмалар киритилган.

Жумладан, Хатирчи туманидаги «Турди тиниқ чорбоғи» фермер хўжалиги томонидан 10 сотих ғўза майдони кўллатиб суғорилишига йўл қўйилган. Бундан ташқари, тумандаги «Мамарасул бобо 22» фермер хўжалиги томонидан 10 л/с сув зовурга ташлаб қўйилган. Мазкур аниқланган ҳолатлар юзасидан тўпланган материаллар туман судига юборилиши таъминланди.

Шу билан бирга бир қатор фермер хўжалиги раҳбарларига ғўзани суғоришдаги камчиликларни бартараф этиши юзасидан огоҳлантиришлар берилди. Жумладан, Навбаҳор туманидаги «Ҳуррият Қобилова» фермер хўжалиги томонидан ғўза майдонида шарбат хандақлари ташкил этилмаган. Оқибатда ғўза майдони «шарбат»сиз суғорилганлиги аниқланди. Шунингдек, Кармана туманидаги «Истиқлол» фермер хўжалиги 15-20 л/с сувдан фойдаланмасдан коллектор-дренаж тармоғига ташлаб қўйган. «Ўзагроинспекция» вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан мазкур йўналишдаги назорат тадбирлари давом этмоқда.

Абдували Бўриев,

ЎзА