121 тоғ тизмаси ва чўққи номлари тасдиқланди
Объектларнинг номлари давлат тили қоидаларига мувофиқлаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Мамлакатимиздаги айрим географик объектларнинг номларини давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштириш ҳамда янги ном бериш тўғрисида"ги тегишли қарорига мувофиқ, 121 та тоғ тизмаси, тоғ ва чўққилар номлари давлат тили қоидаларига мувофиқлаштирилди ва расмий тасдиқланди.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур жараён “Давлат тили ҳақида”ги ва “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги қонунлар ҳамда Республика комиссиясининг хулосаси асосида амалга оширилди.
Эндиликда 121 та объектнинг қуйидаги ҳаволада келтирилган тасдиқланган номларидан фойдаланиш тавсия этилади: https://www.lex.uz/ru/docs/-7981778.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА