Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Мамлакатимиздаги айрим географик объектларнинг номларини давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштириш ҳамда янги ном бериш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги ва “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ ҳамда Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича республика комиссиясининг хулосасига кўра мамлакатимиздаги айрим тоғ тизмалари, тоғ ва чўққилар номлари давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирилади.
Ҳукуматнинг ушбу қарори билан Мамлакатимиздаги айрим тоғ тизмалари, тоғ ва чўққилар номлари рўйхати тасдиқланди.
Қарор билан 121 та географик объект номи давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирилди ва баъзиларига янги ном берилди.
Энди норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, хариталар, иш юритиш ҳужжатлари ва хизмат ёзишмаларида ушбу қарор билан тасдиқланган номлардан фойдаланилади.
Қарорга мувофиқ, икки ой муддатда тоғ тизмалари, тоғ ва чўққилар номларининг давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирилиши, янги ном берилиши муносабати билан тегишли ҳужжатлар, хариталар ҳамда маълумотлар базаларига ўзгартиришлар киритилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари тоғ тизмалари, тоғ ва чўққиларда ўрнатилган пешлавҳалар ҳамда ахборот кўрсаткичларидаги ёзувларнинг давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилишини таъминлайди.
ЎзА