Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
12 йиллик меҳнатнинг самараси
17:29 / 2025-06-11

Жиззах шаҳри қир бағридаги “Наврўзбулоқ” дамолиш ҳудудида янги соғломлаштириш марказининг биринчи лойиҳаси фойдаланишга топширилди.

Кейинги вақтларда Президентимизнинг 2023 йил 12 июндаги “Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижролари доирасида Жиззах шаҳридаги маҳаллаларда кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти.

“Наврузбулоқ” соғломлаштириш маркази лойиҳасининг қурилишига умумий ҳисобда 25 миллиард сўм маблағ йўналтирилган бўлиб, шундан 12 миллиард сўми банк кредити, қолгани эса тадбиркор сармояси асосида барпо этилмоқда. Ҳозирда 2 қаватли меҳмонхона, умумий овқатланиш маркази ҳамда кенглиги 40 х 15 метр, чуқурлиги 1,8–2,2 метр бўлган замонавий болалар сузиш ҳавзаси қуриб битказилди.

Бугун фаолиятини бошлаган ушбу марказ маҳаллий тадбиркор, “Мақсуда-Назокат” кўп тармоқли масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) раҳбари Сунатилла Бойхўрозов томонидан барпо этилди. Сунатилла ака тадбиркоролик фаолиятини бундан 20 йил муқаддам, Жиззах шаҳрида биринчилардан бўлиб “Жиззах сомса” марказини ташкил этишдан бошлаб, умумий овқатланиш шаҳобчаларини барпо этди, кўплаб иш ўринларини яратди.  

“Наврўзбулоқ” дам олиш масканида боғ яратишдек хайрли иш эса бундан 12 йил муқаддам бошланган эди. Ўшанда “Кичик бир булоқ зўрға оқиб турган, гиёҳ битмаган яйдоқ қир-адирда дарахт битармиди?” дегувчилар ҳам кўп бўлган эди. Лекин, тадбиркорнинг машаққатли меҳнати, бир ишни бошини тутдими, охиригача олиб боришидек шижоати сабаб, бугун бу ҳудудда 36 гектарлик боғ барқ уриб, у ерда 20 минг туп турли мевали ва манзарали дарахтлар шаҳардаги атмосфера тозалигини сақлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.  

Суви бўлмаган, яйдоқ қирликда боғ яратишнинг ўзи бўлмайди албатта. 2 километр пастдан артизан қудуқ қазилиб, тепаликка сув олиб чиқилди, экилган ҳар туп дарахт томчилатиб суғориш технологияси асосида  суғорилди.Бунинг натижасида, кечаги яйдоқ адирлик, бугун жиззахликларнинг севимли дам олиш масканига айланди. 

Тадбиркор яқин йиллар ичида – ўзи раҳбарлигидаги “Мақсуда-Назокат” МЧЖ фаолиятини янада кенгайтириб, кластерга айлантиришни мақсад қилгани эса алоҳида таҳсинга лойиқ. Бу эса юртдошларимиз учун яна қўшимча қулайликлар ва янги иш ўринлари яратилади дегани ҳамдир.  

Соғломлаштириш марказининг очилиш маросимида Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Aкмал Савурбоев, Жиззах шаҳар ҳокими ўринбосари Суюн Силлиев, “Шодлик” МФЙ раиси Тўлқин Тўрақулов ва бошқалар сўзга чиқиб, янги маскан ёшлар ва катталар учун ҳам бирдек соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спорт билан мунтазам шуғулланиш ва жисмоний фаолликни оширишда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлашди.  

[gallery-23857]

Шунингдек, расмий маросим давомида ушбу маҳалла ҳоким ёрдамчиси Aбдулазиз Хўжаков, тадбиркор Сунатилла Бойхўрозов ҳамда марказнинг қурилиш-монтаж ишларида фаол қатнашган қурувчи-муҳандисларга Жиззах вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари