Бугун, 27 август куни мамлакатимизнинг 12 ҳудудида “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақаларининг 2-босқичидан ўрин олган беллашувлар бўлиб ўтди.
Мусобақаларнинг энг кўп баҳслари Андижон вилоятида ўтказилди. Ушбу масканда бокс, гимнастика, 3х3 баскетбол ва спорт курашлари бўйича “Президент олимпиадаси”да вилоят шарафини ҳимоя қиладиган маҳоратли спортчилар сараланди.


Хоразм, Наманган ва Фарғона вилоятларида ёшлар бокс бўйича беллашувларда рингга кўтарилган бўлса, Сурхондарё вилояти ва Тошкент шаҳрида 3х3 баскетбол, Бухорода енгил атлетика, Навоийда спорт курашлари, Қашқадарёда оғир атлетика, Жиззахда бадиий гимнастика ва Сирдарёда дзюдо мусобақалари ёшларга спорт байрами завқини тортиқ этди.
Шунингдек, Самарқанд вилоятида бадиий гимнастика ва оғир атлетика бўйича ўтган “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақалари жорий йилнинг декабрь ойида пойтахтимизда ташкил этиладиган “Президент олимпиадаси”да қатнашадиган номзодларни аниқлаб берди.


Т.Рўзиев, ЎзА