Ўзбекистон – Болгария муносабатлари чуқур тарихий илдизларга эга. Олимлар таъкидлашича, туркий халқларга мансуб болгарларнинг қадимий аждодлари ва замонавий Ўзбекистон ҳудудидаги ота-боболаримиз ўртасидаги алоқалар Буюк ипак йўли давридан бошланган. Миграция, савдо ва маданий ришталар билан уйғун бундай яқинлик ўзаро манфаатдорлик ва ҳурматга асосланган.
Замонавий дипломатик муносабат 1992 йил 12 сентябрда ўрнатилган. Ўшандан бери расмий Тошкент ва София сиёсий мулоқоти изчил ривожланмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда бу фаоллик жадал суръат касб этиб, ўзаро муносабатга ижобий таъсир кўрсатди.
Сиёсий ҳамкорлик конструктив шериклик ҳамда ўзаро ёрдам руҳига асосланган. Сўнгги йилларда олий ва юқори даражадаги икки томонлама алоқалар фаоллашди. Бу Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга умумий ёндашувига мос. Умуман, Болгария ЕИга аъзо давлат сифатида расмий Тошкент томонидан Болқон ва Марказий Европа минтақасидаги устувор ҳамкорлар қаторида кўрилади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Болгария Президенти Румен Радев 2017 йил 20 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессияси доирасида учрашув ўтказган. Ушбу мулоқот мавжуд ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жумладан кейинги ташрифлар учун замин яратишга ҳар икки томоннинг интилишини тасдиқлаган эди.
Болгария БМТ ва ЕХҲТ доирасида Ўзбекистоннинг Марказий Осиёни барқарор ривожлантириш ва минтақавий хавфсизликни таъминлашга қаратилган ташаббусларини маъқуллаб келмоқда. Шунингдек, “Янги Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларни, жумладан фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайди.
Парламентлараро алоқалар ҳам изчил ривожланмоқда. Болгария парламентида “Болгария – Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи фаолият кўрсатяпти. Олий Мажлис палаталари қўшма қарори асосида Халқ мажлиси билан ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Болгария парламентлараро гуруҳ ташкил этилган.
Ушбу ҳамкорлик доирасида ўзаро ташрифлар амалга оширилмоқда. Бевосита учрашувлар сўнгги йилларда янада фаоллашди. 2018 йил июль ойида “Болгария – Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи раиси Адлен Шевкед бошчилигидаги делегация юртимизда бўлди. Ноябрь ойида эса Ўзбекистон – Болгария парламентлараро гуруҳи делегацияси жавобан ташриф буюриб, Халқ мажлиси раҳбарияти, Ташқи ишлар, Иқтисодиёт ва туризм вазирликлари вакиллари, Пловдив ва Каржали шаҳарлари мэрлари билан учрашувлар ўтказди.
2021 йил декабрь ойида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева София шаҳрида бўлиб ўтган “Демографик ўзгаришлар шароитида жамиятни ривожлантириш йўллари” мавзусидаги юқори даражали вазирлар конференцияси иштирокчиларига видеомурожаат йўллади.
Икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари мунтазам алоқани давом эттирмоқда. Жумладан, ўзаро маслаҳатлашув давомида нафақат икки томонлама муаммолар, балки долзарб халқаро кун тартиби, жумладан иқлим, рақамли трансформация, нохолис ахборотга қарши курашиш ва инсон ҳуқуқи билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама қилинмоқда.
2023 йил 23 октябрь куни Люксембургда бўлиб ўтган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” вазирлари 19-учрашувида мамлакатимиз ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов Болгария Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири Мария Габриэль билан учрашди.
Томонлар 2019 йил сентябрь ойида София шаҳрида 5-мажлиси бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Болгария Ҳукуматлараро комиссияси ишини фаоллаштириш ниятини маъқулладилар.
Мамлакатларимиз инвестиция салоҳияти шериклик нуқтаи назаридан тобора жозибадор тус олмоқда. Республикамизда иқтисодиётни либераллаштириш, эркин иқтисодий зоналарни ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнесни фаол қўллаб-қувватлаш бунга мустаҳкам замин яратмоқда.
Диёримизда Болгария сармоядорлари иштирокидаги очилган 30 корхонанинг 19 таси 100 фоиз хорижий маблағ асосида фаолият юритади. Мазкур жамоалар нефтни қайта ишлаш, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат саноати, савдо амалиёти ва хизмат кўрсатиш каби муҳим йўналишларни қамраб олган.
Ҳар икки давлат транспорт-логистика соҳасидаги алоқаларни, айниқса, Ўзбекистонни Қора денгиз портлари билан Кавказ орқали боғлайдиган Транскаспий халқаро транспорт йўналиши нуқтаи назаридан ривожлантиришдан манфаатдор. Ривожланган инфратузилма ва логистика марказларига эга Болгария Марказий Осиё ҳамда ЕИ ўртасида транзит йўлаги вазифасини бажара олади.
Ўзбекистон – Болгария ҳамкорлиги маданий-гуманитар соҳада ҳам фаол ривож топяпти.
Бухоро ва Варна, Самарқанд ва Пловдив шаҳарлари ўртасидаги яқин дўстлик алоқалари маданий ҳамжиҳатлик, ишонч тимсолига айланган. Бу ҳудудлар делегациялар алмашинуви, маданий лойиҳалар ва қўшма ташаббуслар орқали икки халқ мулоқотини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшяпти.
Маълумки, жорий йил 9-11 июнь кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Болгария Президенти Румен Радев расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди.
Давлатимиз раҳбари Болгария етакчисини самимий қутлаб, сўнгги 17 йилдаги биринчи саммит тарихий аҳамиятга эга экани, ўзаро дўстлик ва шериклик муносабатини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишини таъкидлади.
Етакчилар мулоқотида амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид долзарб масалалар кўриб чиқилди. Парламентлар, иқтисодиёт ва ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги ҳамкорлик фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.
Ташрифи доирасида Румен Радев IV Тошкент халқаро инвестиция форумида ҳам иштирок этди.
Кўксарой қароргоҳида икки давлат етакчилари олиб борган музокараларда кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида ташқи сиёсат идоралари ўртасида тизимли алоқаларни йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди.
Савдони, энг аввало, тўқимачилик, озиқ-овқат, кимё ва фармацевтика маҳсулотлари, металл буюмлар ва технологик ускуналар етказиб беришни кенгайтириш орқали кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзаро савдо ўсишини рағбатлантириш учун пойтахтларда савдо уйлари очиш, лабораторияларни аккредитациядан ўтказиш ва имтиёзли кредит линиялари ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика, геология, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва IT, туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш устувор йўналиш сифатида қайд этилди.
Самарали ер усти ва ҳаво транспорт йўлакларини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар тўғридан-тўғри ҳаво қатновини йўлга қўйиш имкониятини ўрганишга келишиб олдилар.
Меҳнат ресурслари соҳасида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун София шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Миграция агентлиги ваколатхонасини очиш масаласи кўриб чиқилди.
Гуманитар алоқани, жумладан академик ва илмий алмашинувни фаоллаштириш, Андижон шаҳрида етакчи олий таълим муассасалари ректорлари учрашувини ўтказиш ташаббуслари қўллаб-қувватланди.
Келаси йил Ўзбекистон ва Болгария маданияти ва киноси ҳафталигини ташкил этиш қарори маъқулланди.
Эришилган келишувлар ижроси устидан тизимли назоратни таъминлаш мақсадида томонлар қўшма “Йўл харитаси” қабул қилиш ва Ҳукуматлараро комиссия ҳамраислари даражасини кўтариш, тузилма ишига ҳудудлар ва йирик компаниялар раҳбарларини жалб қилишга аҳдлашилди.
Сўнгги йилларда Тошкент ва Самарқандда болгар фильмлари намойиши, рассомлар кўргазмалари ташкил этилди. Элчихоналар ва диаспора ташкилотлари тил ўрганиш курслари очиш, мусиқий кечалар, халқларимиз маданий меросига бағишланган давра суҳбатлари ўтказиш орқали икки давлат маданиятини кенг тарғиб қилмоқда.
Таълим соҳасида Тошкент кимё-технология институти ва София кимё-технология университети, Тошкент давлат юридик институти ва София университети, Самарқанд давлат тиббиёт институти ва София тиббиёт университети ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланган. Шунингдек, Наманган давлат университети ва Варна техника университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Болгария Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатия институти ўртасида ҳамкорлик меморандумлари тузилди. Бундай саъй-ҳаракатлар гуманитар алоқаларни чуқурлаштириш, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш ва икки давлат ёшлари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
“Эразмус+” дастури доирасида ўзбекистонлик талабаларнинг Болгария университетлари ва Фанлар академиясида малака ошириши, амалиёт ўташи йўлга қўйилган.
Икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш учун удкан салоҳият мавжудлигини туризм соҳасида ҳам кўриш мумкин. Ҳар икки давлат бой тарихий-маданий мерос, бетакрор меъморий ёдгорликлар ва ранг-баранг табиий ландшафтга эгалиги ўзаро сайёҳлик алмашинувини ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратади.
Мазкур омиллар Ўзбекистон ва Болгария ўзаро ишонч ҳамда бир-бири манфаатини ҳурмат қилишга асосланган шериклик салоҳиятини тўлиқ юзага чиқариш ниятида эканини тасдиқлайди.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА