Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
12 октябрдан 1-курс талабалари билан танишув-таништирув дарслари, кейин масофавий таълим жараёнлари бошланади
12:12 / 2020-10-09

Олий таълим муассасалари ректорлари (директорлари), ўқув ишлари бўйича проректорлари (директор ўринбосарлари) ва вазирлик масъуллари иштирокида ўтган ведиоселектор йиғилишида таълимга оид зарурий масалалар кўрилди.


Коронавирус пандемияси сабаб доимий турмуш тарзимиз, режаларимиз, ҳаётимиз, анъанавий ишлар ҳам ўзгарди. Биргина олий ўқув юртларига қабул ва ўқув йилининг бошланишида ҳам ўзгаришлар бўлди.

Олий таълим муассасалари ректорлари (директорлари), ўқув ишлари бўйича проректорлари (директор ўринбосарлари) ва вазирлик масъуллари иштирокида ўтган ведиоселектор йиғилишида таълимга оид зарурий масалалар кўрилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан хабар беришларича, йиғилишда 1-курсга тавсия этилган абитуриентлар билан ишлаш, улар учун ўқув йилини бошлаш, юқори курс талабалари учун ўқув жараёнида масофавий таълимнинг ташкил этилганлик ҳолатини ўрганиш, магистратурага қабул натижалари хусусида сўз борди.

Шунингдек, кўпчиликни қизиқтирган янги ўқув йилида тўлов-контракт нархлари ва шартнома шартлари, ОТМлар ҳузуридаги техникумларда кириш синовларини ташкил этиш ва ўқув жараёнини бошлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, ўқишга қабул қилинган ёшлар, айниқса, узоқ ҳудудларда яшайдиган талабаларнинг пойтахтимиз ёки бошқа шаҳарларда жойлашган ОТМларга келиб юрмаслиги чоралари кўрилади.

Талабаларнинг тасдиқланган рўйхати шакллантирилиб, улар томонидан тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, тегишли эълонлар ОТМ расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

Талабалар билан юзма-юз учрашиб, масофавий таълим, тўлов-контракт шартлари, ички тартиб-қоидалар, мустақил таълим олишнинг ўзига хосликлари тўғрисида ахборот бериш мақсадида, зарурат бўлганда, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларига раҳбар-ходимлар, тажрибали профессор-ўқитувчи ва мутахассислар гуруҳи юборилади.

Бунда навбат билан дастлаб кундузги, кечки, кейин сиртқи таълим шаклида таҳсил олувчи талабалар билан тизимли иш олиб борилади. Шунингдек, фуқароларнинг мурожаатларига тўлиқ ва тўғри жавоб бериш учун call-марказлар фаолияти ташкил этилади.

Йиғилишда юқори курс талабалари учун ўқув жараёнида масофавий таълимнинг ташкил этилганлик ҳолати ўрганилиб, натижалар эълон қилиниб, бу борадаги камчиликлар бартараф этилиши бўйича вазифалар белгиланди. Жумладан, электрон ўқув-ахборот ресурслари, видеомаърузалар ва аудиоматериаллар таъминотини талаб даражасига келтириш борасида аниқ топшириқлар берилди.

Тўлов-контракт нархлари ва шартнома шартлари бўйича давлат ОТМларининг бакалавриат, магистратурада кундузги таълим шаклида тўлов-контракт асосида таҳсил оладиган барча талабаларга шартнома шартларини бажаришда амалдаги базавий тўлов-контракт (стипендиясиз қисмидан) миқдорига 10 фоиз чегирма берилган. Оширилган тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилишни сўраб мурожаат этган фуқаролардан жорий йил 10 октябрь санасидан бошлаб аризалар қабул қилинади.

Тадбир давомида техникумларга қабул жараёнини самарали якунлаш, вакант таълим йўналишларини тўлдириш мақсадида ОТМлар томонидан тарғибот ишларини кучайтириш ва белгиланган ўринларга қабулни якунлаш вазифалари ҳам муҳокама қилинди.

Жорий ўқув йилида тахминан 12 октябрдан 1-курс талабалари билан танишув-таништирув дарслари, сўнг масофавий таълим жараёнлари бошланади.

Маълумот учун, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшовчи, пойтахт ОТМга ўқишга кирган талабалар Тошкентдаги олий ўқув юртларига келиши мумкин. Шунингдек, талабалар ўзлари қабул қилинган ОТМ сайтини мунтазам кузатиб бориши шарт.