French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
12 ноябрь – Бутунжаҳон пневмонияга қарши курашиш куни
10:03 / 2025-11-12

Ҳар йили 12 ноябрь куни дунёнинг турли мамлакатларида Бутунжаҳон пневмонияга қарши курашиш куни сифатида нишонланади. Бу сана бежиз танланмаган, чунки пневмония — тиббиётда қадимдан энг кўп ўлимга сабаб бўлган касалликлардан бири. Ҳoзирда ҳам ушбу хасталик глобал соғлиқни сақлаш тизими учун жиддий синов бўлиб қолмоқда.

Пневмония (зотилжам) – бу организмга кирган бактерия, вирус ёки замбуруғли инфекциялар оқибатида ўпканинг яллиғланиши натижасида юзага келадиган касаллик. Аммо бу касалликни фақат “инфекция” деб баҳолаш етарли эмас. Чунки пневмония жамиятнинг соғлом турмуш тарзи, санитария маданияти, тиббий профилактика ва эмлаш билан бевосита боғлиқ муаммо.

Замонавий тиббиётда антибиотиклар мавжуд бўлишига қарамай, пневмонияни даволаш йилдан йилга қийинлашиб бормоқда. Бунга сабаб микробларнинг антибиотикларга нисбатан қаршилик ҳосил қилиши. Бу ҳодиса глобал соғлиқни сақлаш тизими учун янги хавф ҳисобланади. Тиббий статистикага кўра, антибиотикларга чидамли бактериялар туфайли пневмония билан оғриган ҳар бешинчи беморни тўлиқ даволаш қийинлашмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, пневмония дунё бўйича ҳар йили ўртача 2,5–3 миллион одамнинг ҳаётига зомин бўлади. 

Пневмония инсон саломатлиги ва ҳаёти учун жиддий хавф туғдирувчи, ўз вақтида профилактика ҳамда даволаш чораларини кўришни талаб этувчи оғир юқумли касалликдир. Ушбу касаллик нафақат тиббий муаммо, балки ҳар бир инсонни ўз соғлиғига масъулият билан ёндашишга ундовчи жиддий огоҳлантириш.

12 ноябрь — Бутунжаҳон пневмонияга қарши курашиш куни ҳар бир инсонни соғлом турмуш тарзига амал қилиш, профилактик чораларга риоя этиш ва ҳар бир нафаснинг қадрини англашга даъват этади.

Дилдора ДЎСМАТОВА,

ЎзА