Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Чуст тумани бўлими ва туман прокуратураси ҳамкорлигида алимент билан боғлиқ ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, узоқ вақтдан бери турли сабаблар билан алимент тўламаётган ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мунтазам равишда ўтказиб келинаётган иш билан банд бўлмаган алимент тўловчилар учун меҳнат ярмаркасининг бу галгиси бевосита тумандаги йирик саноат корхонасида ташкил этилди.

–Аввало, меҳнат ярмаркасини ташкил этишдан олдин давлат ижрочиларимиз “маҳаллабай” ўрганишлар орқали ишсиз алимент тўловчиларнинг муаммоларини ўрганди. Шундан сўнг, уларни бўш иш ўринлари ярмаркасига таклиф этдик, – дейди Мажбурий ижро бюроси Чуст тумани бўлими бошлиғи Улуғбек Абдураҳмонов. – Меҳнат ярамаркасида даставвал 47 нафар ишсиз фуқаро “Taichang Steel Spesial” масъулияти чекланган жамияти ҳамда “Factore Cement” корхонаси фаолияти, у ерда ишчилар учун яратилган шароитлар, меҳнат жараёнлари билан танишди.

Ярмарка давомида корхона масъуллари томонидан фаолият, ишлаб чиқариш қувватлари, ойлик маошлар ва албатта бўш иш ўринлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Бунинг натижасида тадбир якунида 12 нафар ишсиз алимент тўловчи корхоналарда ишлаш истагини билдирди ва улар иш жойлари учун йўлланма олди.
Маълумот ўрнида, МИБ Чуст тумани бўлими саъй-ҳаракати билан жорий йилнинг ўтган даврида айнан ишсиз бўлган 112 нафар алимент тўловчини турли корхона ва ташкилотларга ва мавсумий ишларга қабул қилинишига кўмаклашилган.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА