Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
12 мингга яқин хонадоннинг газ таъминоти яхшиланади
17:21 / 2023-07-26

Ўтган куз-қиш мавсуми таъминотчи корхоналар тайёргарлигини яна бир бор синовдан ўтказиб, улар олдига улкан вазифаларни қўйди.

“Ҳудудгаз Қашқадарё” газ таъминоти филиали тизимида ҳам табиий газ босими билан боғлиқ юзага келган  муаммоларга ечим топиш мақсадида истеъмолчилар рўйхати шакллантирилиб, режали дастурга асосан қурилиш ва таъмирлаш ишларига киришилди.   

Қувурлар ўтказувчанлигининг пастлиги, ҳажм етишмаслиги, истеъмолчилар томонидан уй ичидаги газ жиҳозларини ўз вақтида техник кўрикдан ўтказмаслик, сарфи юқори бўлган горелкалардан фойдаланиш каби ҳолатларнинг мавжудлиги табиий газ босими билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқармоқда.  

Филиал томонидан 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 9,35 километр газ қувурларини мукаммал таъмирлаш, 8,55 километр қисмини реконструкция қилиш, 41,2 километр қувурларни босим остида зичликка синаш ва ҳаво босими ёрдамида тозалаш, 345,6 километр ер ости газ қувурлари ҳолатини текшириш, 135,1 километрлик қисмини эстетик жиҳатдан тартибга келтириш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.  

Хусусан, вилоятнинг Нишон тумани “Нуристон” шаҳарчасидаги 2075 та хонадоннинг газ таъминотини яхшилаш мақсадида 1984-1987 йиллар давомида қурилиб фойдаланишга топширилган ҳар хил ҳажмдаги қувурлар ҳаракатдан тўхтатилиб, янгисига алмаштирилди. Шунингдек йиллар давомида емирилиш орқали авария ҳолатига келиб қолган  114 ммли ер ости газ қувури хавфсизлик талабларига асосан ер устига чиқарилди.  

Худди шундай Деҳқонобод туманининг “Нодира” маҳалласида ҳам қурилиш ишлар давом эттирилиб, 6 та кўчанинг 980 та  истеъмолчиларини табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадида, 76 ммли ўрта босимли газ қувури янги  кесими 114 ммли қувурларга  алмаштирилди.  

Бундан ташқари Косон туманидаги табиий газ истеъмолчилари томонидан қурилган ҳар хил диаметрдаги газ қувурларини тартибга келтириш ҳамда техник гидравликасини яхшилаш мақсадида, “Лолазор” маҳалласи С.Айний кўчаси бўйлаб d-159 мм узунлиги 1,5 километр газ қувурларида монтаж ишлари олиб борилди.  

Филиал ишчи-ходимлари томонидан қурилиш-таъмирлаш ишлари жадал давом эттирилмоқда.  

Таъкидлаш лозимки, юқоридаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари якунлангандан сўнг 35 та маҳаллада рўйхатга олинган 11 минг 829 та хонадоннинг табиий газ таъминотини яхшилашга эришилади.  

Ўлмас Баротов, ЎзА.