Мамлакатимизнинг шимолий ҳудудларида бўлган кучли шамол электр таъминоти тизимига сезиларли зарар етказди.
Элликқалъа туман электр тармоқлари корхонасидан олинган маълумотга кўра, жума куни эрталабгача салкам 15 минг хонадон электр таъминотидан ажралиб қолган. Аҳолидан мурожаат келишини кутиб ўтирмасдан, корхона таъмирловчилар бригадалари аъзолари авария оқибатида ишдан чиққан электр узатиш линияларини тузатишга, қулаган устунларни қайта тиклашга ва айрим трансформатор пунктларида юзага келган носозликларни бартараф этишга киришиб кетди. 7 та бригада таркибида 32 нафар электромонтер жойларга чиқиб, ўз ишига садоқат билан ёндошиб, вазифасини бажарди.
«Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти матбуот хизматининг ЎзА мухбирига маълум қилишича, 12 март соат 16 га қадар 12 минг 500 хонадон электр тармоғига қайта уланди. Эндиги вазифа қолган 2309 та хонадонга электр энергияси етказиб беришдан иборат. Таъмирлаш бригадалари аъзолари бу ишни шу бугуннинг ўзида уддалашга бел боғлаган.
Довуд Абибуллаев, ЎзА