БМТ нинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотларига кўра, ҳар йили зараркунандарлар ва касалликлар туфайли 40 фоизга яқин озиқ-овқат экинлари нобуд бўлади. Бу қишлоқ хўжалигига катта зарар етказади.
Иқлим ўзгариши ва инсон фаолияти экологик тизимга таъсир кўрсатиб, биологик хилма-хилликка зиён етказмоқда, бу эса, зараркунандаларнинг тарқалишига олиб келмоқда. Сўнгги ўн йил ичида жадаллиги уч баробар ортган халқаро саёҳатлар ва савдо ҳам зараркунандалар ва касалликларнинг тарқалишига сабаб бўлмоқда.
2018 йилнинг декабрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси 2020 йилни Халқаро ўсимликларни ҳимоя қилиш йили деб эълон қилди. 2019 йил декабрь ойида ФАО бош директори Цюй Дунъюй ФАО Кенгашининг махсус сессияси сифатида бўлиб ўтган очилиш маросимида Халқаро ўсимликларни ҳимоя қилиш йили бошланганини расман эълон қилди.
Афсуски, кутилмаганда, COVID-19 пандемиясининг бошланиши, 2020 йилда амалга оширилиши режалаштирилган баъзи тадбирларнинг ўтказилишига катта таъсир кўрсатди.
Пандемия туфайли юзага келган барча қийинчиликларга қарамай, ҳаётни сақлаб қолиш учун ўсимликларни муҳофаза қилиш халқаро кун тартибда кенг акс садо берди.
Бугун кўплаб мамлакатларда Халқаро ўсимликларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан тадбирлар ўтказилмоқда. Масалан, Японияда Қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги вазирлиги томонидан Окинава префектурасидаги ўсимликларни ҳимоя қилишга бағишланган кўргазма ташкил этилди. Италияда “Ўсимликлар саломатлигидан - жамият саломатлигига” мавзуида 2-халқаро конгресс бўлиб ўтмоқда. Туркияда Марказий Осиё ва Кавказда бошоқли донларнинг занглашини назорат қилиш ва бундай касалликларга қарши курашиш бўйича ўқув семинар ташкил этилди.
Жорий йилнинг 21-23 сентябрь кунлари Лондон шаҳрида Ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича 1-халқаро конференциянинг ўтказилиши катта воқеа бўлади. ФАО дан маълум қилишларича, унда ўсимликлар саломатлигини ҳимоя қилиш билан боғлиқ илмий, техник ва меъёрий-ҳуқуқий масалаларни муҳокама қилиш, БМТнинг Барқарор ривожланиш соҳасидаги қатор мақсадларини амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида турли мамлакатлар вакиллари тўпланади.
<iframe width="1280" height="721" src="https://www.youtube.com/embed/UmcoMVRq-dk" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>Ўзбекистонда ўсимликларни муҳофаза қилиш, уларнинг заракунандалари ва касалликларига қарши курашиш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. ФАО нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси томонидан бу борада кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. ФАО нинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаровнинг сўзларига кўра, “Марказий Осиёда чигирткаларга қарши курашишни яхшилаш (II- босқич”) лойиҳаси шулар жумласидан. Лойиҳа Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) томонидан молиялаштирилиб, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида ФАО томонидан зараркунандаларга қарши курашда камроқ заҳарли бўлган пестицидлар ва воситалардан фойдаланиш жорий этилмоқда. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган.
Ушбу лойиҳа доирасида ФАО Агентликка чигирткаларга қарши курашиш жараёнини такомиллаштириш мақсадида махсус ускуна, индивидуал ҳимоя воситалари ҳамда рус ва ўзбек тилларидаги ўқув қўлланмалар ва ахборот материалларини тақдим этди.
Шунингдек, жорий йилнинг 28 мартидан 2 апрелига қадар Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида сўнгги бир неча йил ичида илк маротаба чигирткаларнинг тарқалишини трансчегаравий текшириш ташкил этилди. Умумий тадқиқот майдони чегаранинг ҳар икки томонида 75 минг гектарни ташкил этди. Тадбирлар якунлари бўйича икки давлат вакиллари мавжуд вазиятни тавсифловчи қўшма баённомани имзолади ва бу йўналишда яқин ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди.
Гулруҳ Абдуллаева, ЎзА