Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
12 июнь — Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши курашиш куни
19:18 / 2021-06-12

2002 йил Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан 12 июнь — Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши курашиш куни деб эълон қилинган.

Бугунги кунда бутун дунё нигоҳи болалар меҳнати билан боғлиқ муаммолар ва уларни бартараф этишга қаратилган. Зеро, жаҳонда ҳар ўн боладан бири меҳнатга мажбур қилинмоқда.

Ҳозир дунё бўйича болалар меҳнатидан жабр кўрганлар сони 152 миллиондан ошган. Қолаверса, COVID-19 пандемияси оқибатида келиб чиққан иқтисодий инқироз шароитида милионлаб болалар мажбурий меҳнатга жалб қилиниш хавфи юқори бўлиб бормоқда.

Шу боис, БМТ Бош Ассамблеяси 2021 йилни Бола меҳнатига қарши курашиш йили деб эълон қилди.

Таъкидлаш жоиз, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларида 2030 йилга қадар бутун жаҳонда бола меҳнатининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинган.

Болалар меҳнатига қарши курашиш бўйича сўнгги йилларда Ўзбекистонда сезиларли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Президентимиз 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида Ўзбекистонда мажбурий ва болалар меҳнатининг ҳар қандай шаклларига барҳам бериш чоралари кўрилишини таъкидлаган эди. 2021 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида мажбурий ва болалар меҳнатини бартараф этиш устуворлиги яна бир бор таъкидланди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги саъй-ҳаракатлари билан мамлакатимизда болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилгани бунга яққол мисол бўлади. Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан бугун “Қишлоқ ҳўжалигида болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларидан фойдаланишига йўл қўймаслик” мавзусида семинар ҳам бўлиб ўтди.

Унда қишлоқ хўжалигида меҳнат муҳофазаси ва болалар ҳуқуқлари тўғрисида маълумотлар болаларга етказилди. Спорт, санъат намояндалари ва бошқа соҳаларда юқори натижаларни қўлга киритиб келаётган юртдошларимиз томонидан маҳорат дарслари ўтилди.

Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг олдини олиш ва бунга йўл қўймаслик бўйича парламент назорати институти ҳам жорий этилган.

Ўзбек халқи боласини эъзозлайди, уни ҳар қандай қийинчиликдан асрашни ўзининг бурчи деб билади. Шундай экан, юртимизда болалар меҳнатига қарши курашишга йўл қўйилмайди, дунё ҳамжамиятининг бу борадаги чақириқлари   қўллаб-қувватланади.

Б.Худойбердиев, ЎзА