Юртимиздаги иқтидорли ва истиқболли ёшларимиз ҳамда соҳа мутахассисларининг “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендианти сифатида хориждаги ривожланган давлатларнинг таълим муассасалари ва илғор компанияларида таълим олиши ва стажировка ўташи ташкил этиб келинмоқда. 2018-2023 йиллар мобайнида жами 1781 нафар ёш жамғарма томонидан хорижга юборилди.
Стипендиантлар дунёнинг жами 40 га яқин давлатларида, илғор мамлакатларнинг 240 дан зиёд университетлари, илмий марказлари ва нуфузли компанияларида таълим олиб, бугунги кунда 1050 нафари мамлакатимизга қайтиб келиб, турли соҳаларда самарали фаолият олиб бормоқда.
Мазкур ишларнинг узвий давоми сифатида Жамғарма Васийлик кенгашининг 2023 йил 29 декабрдаги 11-сон қарорига асосан, “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан илғор хорижий давлатлар нуфузли университетлари ва илмий марказларида бакалавриат, магистратура ва докторантурада таълим олиш учун 345 ўринга мўлжалланган 2023 йилги 2-очиқ стипендия танлови 10 октябрдан эълон қилинган.
[gallery-15484]
2023 йил 2-очиқ стипендия танловида 22 та бакалавриат,193 та магистратура ва 130 та докторантура босқичига, жами 345 та хорижий давлатларда таълим олиш учун квота ажратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги тегишли фармонига мувофиқ, хотин-қизларнинг хорижий олий таълим муассасаларида ўқиши учун 9 та бакалавриат ва 40 та магистратура босқичи, жами 49 та қўшимча ўрин яратилди.
Жамғарманинг 2023 йил 2-очиқ стипендия танловида қатнашиш истагида бўлган мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ҳамда хорижда таълим олаётган номзодлардан ягона тартиб ва тенг имконият асосида, онлайн режимда ва электрон тарзда 2045 та ҳужжат қабул қилинди.
“Эл-юрт умиди” жамғармасининг 2023 йилдаги 345 ўринга мўлжалланган 2-очиқ стипендия танлови натижаларига кўра, тест ҳамда суҳбат асосидаги синовлардан ўтган 119 нафар номзод “Жамғарма стипендианти” деб эътироф этилди.
Бугунги кунда Жамғарма томонидан уларни хорижда таълим олиш учун юбориш чоралари кўрилмоқда.
Н.Раҳмонова, Н.Ҳайдаров (фото), ЎзА