Мамлакатимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар 19 миллиондан ортиқ ёки аҳолининг 55 фоизини ташкил қилади. Меҳнат бозорига ҳар йили 600 минг нафар ёшлар кириб келади. Уларнинг 1,5 миллион нафарга яқини бўш вақтини чет тилини ўрганишга бағишлайди. Аксарияти хорижда таълим грантлари ёрдамида таҳсил олишга интилади.
Маълумки, “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан танловлар ташкил этилиб, стипендиатларга дунёнинг 45 га яқин давлатида таълим олиш имконияти тақдим этиб келинмоқда.
“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни билан давлат органлари ва ташкилотларида барчага тенг имкониятлар тақдим этилган ҳолда кадрларни саралаш ва уларнинг касбий фазилатлари, малакасини объектив баҳолаган ҳолда танлаб олишнинг шаффоф механизмлари жорий этилган.
Жамғарма томонидан ўтказилган саралаш танловининг биринчи босқичи якунига кўра, жами рўйхатдан ўтган 2 минг 45 нафар номзоднинг 641 нафари ўз аризасига асосан нуфузли хорижий таълим муассасасига ўқишга қабул қилингани ёки шартли қабул қилингани тўғрисидаги таклифнома-хатни (Lеttеr оf аccеptаncе ёки Lеttеr оf cоnditiоnаl аccеptаncе) илова қилган.

Тест синовларини муваффақиятли топширган номзодлар учун хорижда таълим олишдан кўзланган мақсад ва таълим олиш тугагач олинган билимларни Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари, танлаган мутахассислиги бўйича билим ва кўникмалари, маънавий-ахлоқий тафаккури, соғлом дунёқараши, миллий ва умуминсоний қадриятларни аниқлашга қаратилган давлат тилидаги суҳбат Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси биносида жорий йил 4 декабрдан 12 декабрга қадар бўлиб ўтди. Суҳбат ўтказиш комиссияси таркибига Президент Администрацияси вакиллари, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари ва экспертлари, Маънавият ва маърифат маркази мутахассислари, хорижий университетлар ректорлари ҳамда Жамғарманинг хорижда таълим олган иқтидорли стипендиатлари киритилди. Суҳбат жараёнларининг ҳаққоний ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида танлов комиссияси таркибига Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг масъул ходимлари ҳам жалб этилди.
Суҳбат натижаларига кўра, 119 нафар номзодлар ижобий баҳоланиб, уларнинг 33 нафари бакалавриат, 77 нафари магистратура ва 9 нафари докторантура таълим дастурлари бўйича “Жамғарма стипендиати” деб эътироф этилди. Танлов ғолиблари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Иқтидорли ёшлар: Янги Ўзбекистон истиқболи учун бирлашамиз” мавзусида ўқув-семинари ва сертификатларни тантанали топшириш маросими ташкил этилди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Жамғарма стипендияларига тавсия этилган номзодларнинг 5 фоизи етимлар, 6 фоизи ота-онаси ишсизлар, 50 фоизи оддий оилалар фарзандлари, 14 фоизи тадбиркорлар фарзандлари, 10 фоизи давлат хизматчилари, 11 фоизи эса ўрта ва юқори бўғин бошқарувида фаолият олиб бораётган шахслар фарзандлари ҳисобланади.

– Барчамиз биламиз, дунё тараққиёти узлуксиз таълим, малака ошириш, тажриба алмашиш ва илғор ғояларни татбиқ этиш асосига қурилган, – деди “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори Адҳам Бекмуродов. –Мазкур тамойилдан келиб чиққан ҳолда, ёшларни хориждаги нуфузли таълим муассасаларида ўқишга саралашни ташкил этиш, баркамол кадрларни таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларига, айниқса, янги, истиқболли тармоқларга жалб этиш, уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланишни таъминлаш вазифаларимизнинг асосини ташкил этади. Стипендия соҳиблари зиммасига залворли масъулият юклатилган. Уларга мурожаатим шуки, сиз ривожланган давлатларда таълим олиб, тажриба орттириб, муқаддас юртимизнинг шаънини, қадр-қимматини ҳар қачон ва ҳар ерда муносиб ҳимоя қилишни ҳамда хориж давлатларининг энг сўнгги ютуқларини диққат билан ўрганиб, юртимизда жорий қилишга тайёр бўлиб қайтишингиз керак.
Тадбир давомида куй-қўшиқлар ижро қилинди ва Ўзбек миллий академик драма театри ижодкорлари томонидан юртга бўлган меҳрни тараннум этувчи “Жадидлар” образидаги қисқа эпизод намойиш этилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА