Аҳоли ва тадбиркорларга қулайлик яратишга қаратилган ишлар давом этмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик фаолиятининг айрим соҳаларида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси шу мақсадда ишлаб чиқилди ва regulation.gov.uz порталига жойлаштирилди.
Айтиб ўтиш керакки, ҳозирда 116 турдаги рухсат беришга доир тартиб-таомил мавжуд. Уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида низом тасдиқланган. Бу эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сони сунъий равишда ошишига, бир хил мазмундаги тартибга солиш жараёни бир неча ҳужжатда қайтарилишига олиб келган.
Янги қарор лойиҳасида Тадбиркорлик фаолиятининг айрим соҳаларида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш назарда тутилмоқда. Низом 79 банд ва 30 иловадан (паспортлардан) иборат.
Низомда акс этган маъмурий шикоятлар бериш ва уни кўриб чиқиш жараёни “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун талабларига мувофиқлаштирилган.
Лойиҳа тадбиркорлик субъектларига қулай бизнес муҳит яратиш, рухсат беришга доир тартиб-таомиллардан ўтиш ва ушбу фаолиятни амалга оширишнинг ягона ва шаффоф механизми яратилишига, рухсат бериш жараёнларида коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишга, рухсат этишга доир фаолиятни амалга оширувчи ва ҳаракатни бажарувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Муҳими, ягона низом тасдиқланиши аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига, қолаверса, ваколатли органларга ҳам қулайлик яратади.
Жамоатчилик муҳокамаси давомида тушган таклифлар асосида қарор лойиҳаси янада такомиллаштирилади.
Муаттар Бурҳонова, ЎзА