Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
115 нафар аёлга меҳмонхонани замонавий бошқариш кўникмаси ўргатилди
19:03 / 2024-06-13

Бугун пойтахтимизда “Марказий Осиё аёллари меҳмонхона бизнесида: замонавий талаб ва истиқбол” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

“Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси ҳамда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги  (USAID) томонидан ташкил этилган тадбирда халқаро тузилмалар, вазирликлар, қатор маҳаллий ва хорижий ҳамкор давлат, нодавлат ташкилотлар раҳбарлари, тадбиркор, ишбилармон аёллар, бизнес экспертлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Қайд этилганидек, хотин-қизлар учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш давлатимиз ва жамиятимизнинг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланган. Жумладан, “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий фаоллигини ошириш,  тадбиркор ва ишбилармон аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш, аёллар ҳуқуқи ва манфаатини ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

“Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси Республика бўйлаб 14 маъмурий бирлик, 83 шаҳар ва туман филиалларини ягона тармоққа бирлаштирган. Тизимда 200 дан зиёд мутахассис тадбиркор аёллар сафини кенгайтириш, уларнинг иқтисодий билими, малакасини ошириш, хотин-қизларни касб-ҳунарга қайта тайёрлаш ишига ҳисса қўшмоқда.

Меҳмонхона бизнеси туризм салоҳияти тобора ривожланиб бораётган минтақамиз учун муҳим аҳамиятга эга. Айни пайт республикамизда 1 300 дан зиёд меҳмонхона, хостел, мотель, уй меҳмонхоналари фаолият кўрсатмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу объектларнинг 30 фоиздан кўпини аёллар бошқаряпти.

Соҳада аёллар сафи кенгайиши “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси томонидан айни йўналишда янги лойиҳа йўлга қўйилишига туртки берди. Уюшма USAID билан ҳамкорликда “Меҳмонхона бизнесида аёллар: келажак учун меҳмондўстлик анъанаси” ташаббусини илгари сурди.

[gallery-17830]

– Ўзбекистонда меҳмонхона бизнесини юритаётган аёлларнинг қатъияти, ижодкорлигини юқори баҳолайман, – дейди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори ўринбосари Эдвард Михалски. – Аёллар ва қизларга сармоя киритиш орқали жамиятни ижобий томонга ўзгартириш мумкин. Оналаримиз, опа-сингилларимизнинг иши юришса, нафақат оилаларда фаровонлик ҳукм суради, балки жамият ҳам барқарор ривожланади. Шу боис уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, ижодий салоҳиятини юксалтириш керак.

Ушбу лойиҳа замонавий технологиядан фойдаланган ҳолда, аёллар бошқарувидаги меҳмонхона секторига инновацияни жорий этиш, бизнес жараёнини рақамлаштириш, ходимларни ўқитиш, малакасини оширишга қаратилган комплекс дастур ҳисобланади.

Мазкур ташаббус меҳмонхона бизнесини бугунги замон талабига мос тарзда бошқариш кўникмасини ўзлаштиришга қаратилган. Иштирокчиларга тақдим этилаётган янги ёндашувлар замонавий менежмент ва меҳмонхона тизимини барқарор ривожлантириш, соҳада фаолият самарадорлигини ошириш, янги мижозлар жалб қилиш усулларини намойиш этади. Хизмат кўрсатиш стандарти, меҳмондўстлик маданиятини шакллантиради.

Лойиҳа доирасида Самарқанд, Андижон вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 115 нафар хотин-қиз учун 3 кунлик ўқув семинари ташкил этилди. Машғулот давомида меҳмонхона бизнесида фаолият олиб бораётган ишбилармон аёлларга объектни замонавий бошқариш кўникмаси ўргатилди.

Конференция давомида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон вакиллари – 200 га яқин тадбиркор аёл, меҳмонхона бизнеси мутахассислари минтақамиз меҳмондўстлигига асосланган ўзига хос анъаналар билан боғлиқ ютуқлар, тенденция ва тамойиллар, соҳа ривожи йўлида учрайдиган айрим тўсиқлар ва муаммоларни биргаликда муҳокама қилдилар.

Анжуман якунида туризм йўналишида хизмат кўрсатиш сифати, рақамлаштириш ва замонавий стандартга мослашиш орқали меҳмонхона бизнеси бўйича минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган таклифлар ўрганилди, тавсиялар ишлаб чиқилди.

Гўзал Сатторова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА