Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
113 та маҳалланинг схематик харитаси ва тавсифи ишлаб чиқилган
12:24 / 2025-01-30

Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатасининг вилоят бошқармалари томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда Ўзбекистон журналистлари уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида “2024 йил давомида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ва 2025 йилда режалаштирилган устувор вазифалар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси томонидан 2024 йилда ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш бўйича 1576 та ҳолатда жами 187,9 гектар ер майдонлари аниқланди.  

– Вилоятда қишлоқ хўжалиги ерларида 109 та, аҳоли пунктлари ерларида 1 060 та, саноат, транспорт, алоқа мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерларда 87 та, ўрмон фонди ерларида 6 та, сув фонди ерларида 10 та ва захира ерларда 304 та ҳолатда ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолати мавжуд, – дейди агентликнинг вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Элбек Эшпўлатов. – Берилган ёзма кўрсатмалар асосида 1245 та ҳолатда 106,7 гектар майдондаги қонунбузилиш ҳолатлари ихтиёрий бартараф этилиши таъминланди. Ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонларида қурилган ноқонуний қурилмаларни буздириш юзасидан судларга 242 та даъво аризалари киритилди. Ерга оид қонун бузилиши ҳолатларида жиноят аломатлари кузатилган 3 та иш ҳужжатлари ўрнатилган тартибда прокуратура органларига юборилди. Ер майдонларидан мақсадсиз фойдаланиш ва захира ер фондига қайтариш бўйича туман ҳокимликларига 111 та тақдимнома киритилди.  

[gallery-21507]

Олиб борилган назорат тадбирларида вилоят бўйича 1252 нафар жисмоний ҳамда юридик шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган.  

Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 августдаги “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш мақсадида Кадастр агентлиги томонидан тасдиқланган режа графикка асосан 26 та маҳаллада хатлов ишлари олиб борилган. Жорий йилда эса 102 та маҳалла фуқаролар йиғинида хатлов ишлари олиб борилиши режалаштирилган. Хатлов ишларига 70 нафардан ортиқ ходим жалб этилган.  

Хатлов ишлари дала ҳамда камерал ишлари кўринишида амалга оширилмоқда.  

Дала ишларида кадастр муҳандислари томонидан ҳар бир кўчмас мулкнинг бино иншоотларини ўлчаш билан бир қаторда уларнинг конструктив элементлари ҳамда ер участкаларининг амалдаги чегаралари аниқланади. Камерал ишларда эса дала ишлари натижаларини тўплаш, таҳлил қилиш, бино-иншоотлар чизмалари ва ер участкаси чегараларини чизиш, топографик хариталарни яратиш ишлари бажарилади. 

Матбуот анжуманида Давлат кадастрлари палатасининг Навоий вилояти бошқармаси томонидан амалга оширилган ишлар ва режалаштирилган вазифалар тўғрисида ҳам маълумот берилди.  

Таъкидланганидек, якунланган йилда жисмоний ва юридик шахслардан электрон дастур орқали кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича 49 минг 808 ариза келиб тушган. Уларнинг 34 минг 257 таси давлат рўйхатидан ўтказилган, 13 минг 95 таси Давлат хизматлари маркази ва бошқарма томонидан рад қилинган, қолгани тўлов тўлаш жараёнида.  

Бундан ташқари, жисмоний ва юридик шахслар томонидан 3 минг 209 та ипотека шартномалари давлат рўйхатидан ўтказилган.  

– Бугунги кунда вилоятда кўчмас мулк объектлари сони 281 минг 545 тани ташкил этиб, уларнинг 172 минг 637 таси якка тартибдаги турар жойлар, 33 минг 792 таси нотурар жойлар, 81 минг 571 таси эса кўп қаватли уйлардаги квартиралардир, – дейди палатанинг вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жамшид Олимов. – 2024 йилда жисмоний ва юридик шахслар томонидан кўчмас мулк объектларига кадастр паспортини расмийлаштириш бўйича “Davreestr pro-2” дастури орқали 18 минг 166 тадан зиёд ариза келиб тушган бўлиб, уларнинг 13 минг 122 таси якунланган, 4 минг 293 таси рад қилинган, 128 таси тўлов жараёнида ва қолган аризалар кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, “uzkad”дастури орқали қарийб 6 мингга яқин ариза келиб тушган. 113 та маҳалланинг схематик харитаси ва тавсифи ишлаб чиқилиб, халқ депутатлари туман Кенгашлари қарорлари қабул қилинди.  

Матбуот анжуманида давлат ер кадастрини юритиш, ерларни аукционга қадар аниқлаш ва дастурга жойлаштиришни ташкил қилиш, архив иши соҳасида амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.  

А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари