“Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати маълумотига кўра, жорий йил 1 март ҳолатига кўра республикамизда истеъмолчиларнинг ичимлик сувдан дебитор қарздорлиги 1,1 триллион сўмни ташкил этган.
Шундан 930,8 миллиард сўм жисмоний шахсларнинг дебитор қарздорлиги бўлса, 181,3 миллиард сўмлик қарздорлик юридик шахсларнинг ҳиссасига тўғри келади.
Энг юқори кўрсаткичлар Тошкент шаҳрида 218,2 миллиард сўм, Тошкент вилоятида 139,4 миллиард сўм, Андижон вилоятида 89,3 миллиард сўмни ташкил қилмоқда. Ҳудудий сув таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчиларнинг дебитор қарздорлигини ундириш бўйича ўтказилаётган рейд тадбирлари давомида айрим фуқароларнинг қарздорлиги 10 миллион сўмга етгани аниқланган. Бу аҳоли орасида тўлов маданиятини ошириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар айрим ҳудудларда ўз самарасини бермаётганидан далолат беради.
“Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан соҳани рақамлаштириш орқали истеъмолчиларнинг тўлов интизоми ва маданиятини яхшилаш, шунингдек, тўловларнинг шаффофлигини янада ошириш орқали коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида пилот лойиҳа тариқасида республикамизнинг 72 та туман ва шаҳарларида сув таъминоти корхоналарининг назоратчилари томонидан хизматлар учун аҳолидан пул ундириш ишлари тўхтатилган эди. Таъкидлаш жоиз мазкур амалиёт ўзининг ижобий самарасини бериб, тушумларнинг ҳажми ошмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг март ойида Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов туманида тушумлар режаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 242 фоизга, Мўйноқ туманида эса 216 фоизга, Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида 179 фоизга, Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида 136 фоизга, Фарғона вилояти Қўштепа туманида 169 фоизга Хоразм вилояти Тупроққалъа туманида 172 фоизга бажарилган.
Бироқ, истеъмолчиларнинг 1.1 триллион сўм қарздорлиги соҳада олиб борилаётган ишлар, жумладан, аҳолининг тўлов маданиятини янада ошириш борасидаги чора-тадбирларни янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА