2025 йилнинг 11 ойида мамлакатимизга 10,7 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Уларга 4,4 миллиард доллар миқдорида туризм хизматлари кўрсатилган. Қўшни давлатлар ва МДҲ мамлакатларидан келган сайёҳлар сони 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 1,1 баробарга, узоқ хориж давлатларидан келган сайёҳлар сони эса 1,5 баробарга ошган.
Шунингдек, ўтган йилда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” ички туризмни ривожлантириш дастури доирасида аҳолининг ҳудудларга 23,7 миллиондан ортиқ ташрифлари амалга оширилган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугунги мажлисида айтиб ўтилди. Унда депутатлар Туризм қўмитаси раиси А.Аққуловнинг “Сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган шаҳарларда туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги парламент сўровига берилган жавобини кўриб чиқди.
Қўмита раисининг жавобида келтирилганидек, ҳудудларда жами 954 та жойлаштириш воситалари, жумладан, 128 та меҳмонхона, 506 та оилавий меҳмон уйи, 268 та хостел ва 52 та бошқа турдаги жойлаштириш объектлари фаолияти йўлга қўйилган.
Туризм маҳаллалари ва қишлоқлари сони 32 тага етказилиб, туризм ва унга ёндош соҳаларда 16,1 мингга яқин янги иш ўринлари яратилди.
Туристлар кўп ташриф буюрадиган жойлар, аҳоли гавжум ҳудудлар ҳамда автомобиль йўллари бўйлаб республика миқёсида 11 мингга яқин санитария-гигиена шохобчаларининг ҳолати яхшиланди, шундан 6 мингдан ортиғи янгидан барпо этилди. Натижада республикадаги барча ёқилғи қуйиш шохобчаларининг замонавий санитария-гигиена объектлари билан таъминланиш даражаси 20 фоиздан 98 фоизга етказилди.
Парламент сўровига келган жавобда қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг туризм соҳасидаги ислоҳотларни янада жадаллаштиришга қаратилган қарори ижроси доирасида жами қиймати 558,5 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи 56 та лойиҳа амалга оширилиб, улар орқали 6 минг 141 та янги иш ўрни яратилди.
Туристлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Бухоро вилоятида 3 та мотель, Наманган вилоятида 1 та кемпинг ва 1 та кемпинг оромгоҳи, Навоий вилоятида 1 та кемпинг оромгоҳи, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент ва Хоразм вилоятларида мотеллар ҳамда кемпинг оромгоҳлари фаолияти йўлга қўйилди.
Муҳокамаларда туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш, туристик маршрутлар сонини кўпайтириш, туризм қишлоқлари сонини ошириш, йирик шаҳарлар, туман марказлари ва автомобиль йўллари бўйларида замонавий, енгил конструкцияли санитария-гигиена шохобчаларини кўпайтириш юзасидан таклиф-тавсиялар берилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА