Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
11 ойда 1 триллион 783,4 миллиард сўмлик қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарилди
16:08 / 2023-12-06

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 январдаги “Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича манзилли дастур тасдиқланган. Унга мувофиқ, жорий йилда 17 та лойиҳа бўйича 1 триллион 837 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган.

Бу ҳақда АОКАда ўтган матбуот анжуманида қайд этилди.  

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бошқарув раисининг ўринбосари Илёс Раҳимовнинг маълум қилишича, жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида 1 триллион 783,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Режага нисбатан 105,4 фоизга ўсиш таъминланган. Шунингдек, йил якуни билан 1 триллион 840 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш кутилмоқда.  

–Соҳа корхоналари томонидан ўз эҳтиёжлари учун ишлатиладиган хомашёлар, хусусан, керамик плиткалар, цемент, безакли ойналар, иссиқлик сақловчи материаллар, қуруқ қоришмалар, глазурланган керамогранит, оловбардош ғиштларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга эътибор қаратилди. Шунингдек, янги турдаги инновацион ва энергия самарадор бўлган газобетон, шиша толасидан иссиқлик сақловчи материалларни жаҳон стандартларига мос қилиб ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Кооперация алоқаларини кенгайтириш мақсадида жорий йилда ҳудудларда ташкил этилган кооперация ярмаркаларида 19,1 миллиард сўмлик 111 та тармоқлараро ҳамкорлик шартномаси тузилди. Электрон савдо платформасида доимий равишда 20 дан ортиқ турдаги қурилиш материаллари жойлаштириб келинмоқда. Шу билан бирга, “Ўзкимёсаноат” АЖ билан соҳа корхоналари эҳтиёжи учун кимёвий моддалар ДСП елими тайёрлаш учун “Формалин-37%” ва “Карбамид А” етказиб бериш амалга оширилмоқда, – деди И.Раҳимов.  

Матбуот анжуманида Маҳаллийлаштириш дастури, импортни камайтириш бўйича кўрилаётган чораларга тўхталиб ўтилди. Унга асосан жорий йил якунига қадар 693 миллион долларлик қурилиш маҳсулотлари импорт қилиниши ўтган йилга нисбатан 19 миллион долларга (97 фоизга) камайиши кутилмоқда.  

–Бугунги кунда тизимда Маҳаллийлаштириш дастури ижросига катта эътибор қаратилмоқда, – деди уюшма матбуот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов. – Бу эса импорт ҳажмини камайтириш ва маҳаллий маҳсулотлар турини кўпайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, цемент, керамик плиткалар, керамогранит, қуруқ қоришмалар, ПВХдан қувур ва фитинглар каби кўп ҳажмда импорт бўлаётган қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида соҳада жорий йил якунига қадар қарийб 2 миллиард долларлик инвестиция лойиҳаларини ўзлаштириш режалаштирилган.  

[gallery-14921]

Шунингдек, тадбирда мутахассислар қурилиш материаллари соҳасини ривожлантириш, маҳаллий тармоқлараро кооперация алоқаларини кенгайтириш орқали маҳсулотлар импортини қисқартириш бўйича вазирлик ва ташкилотларга таклифлар билдирилгани ҳам таъкидланди.  

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА