Миллат давомчилари бўлмиш қизларни маърифатли, маънавиятли, оқила ва доно қилиб тарбиялаш, илму зиёли қилиб вояга етказиш муҳим масала. Зеро, бугун таълим-тарбия олаётган қизлар миллатнинг эртасини белгилашда асосий ҳал қилувчи роль ўйнайди.
Шу боис ҳам миллатимиз азалдан қизлар тарбиясига, уларнинг одоб-ахлоқига, хулқига, ўзини тутиши, юриш-туришига алоҳида эътибор қаратиб келади. Бугунги кунда аёллар ва қизларни ҳар жиҳатдан ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, сиёсий, ҳуқуқий, тиббий ва ижтимой йўналишдаги ҳуқуқларини юзага чиқариш, жамият ҳаётидаги фаоллигини оширишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу борада қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, хотин-қизларимизга турли имтиёзлар тақдим этилмоқда, қулайликлар яратилмоқда.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида қизларни ҳар томонлама етук, юксак ахлоқли, билимли ва миллий қадриятларга ҳамда она Ватанга содиқ фарзандлар қилиб тарбиялаш вазифаси белгилаб берилган.

Шунингдек, шу йил 18 июль куни “Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг таълим олишларини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, олий ҳамда ўрта махсус ва профессионал таълимда таҳсил олувчи хотин-қизларга 7 йилга 14 фоизлик таълим кредитлари ажратиладиган бўлди.
Хусусан, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб барча хусусий, хорижий ва давлат олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида хотин-қизларнинг тўлов-контракт асосида таҳсил олиши учун имтиёзли шартларда таълим кредитларини давлат бюджетидан ажратишнинг янги тизими жорий этилди. Хотин-қизлар асосий қарзни ўқишни тамомлагач, 7 йил давомида тўлайди. Бу каби имтиёз ва енгилликлар юртимиз хотин-қизларини қўллаб-қувватлашга, уларнинг миллатимиз равнақидаги ўрни ва иштирокини оширишга хизмат қилади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, БМТ Бош Ассамблеясининг 2011 йил 19 декабрдаги резолюциясига асосан 11 октябрь — “Халқаро қизлар куни” деб эълон қилинган. Бу сана ҳар йили жаҳон бўйлаб турли давлатларда қизларнинг камситилиши, уларнинг ижтимоий муаммоларига эътибор қаратиш мақсадида нишонлаб келинади.
БМТга аъзо давлатлар, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамиятининг турли тузилмаларига ушбу кунни кенг миқёсда нишонлаш, шунингдек, бутун дунёда қизларнинг ҳаёт тарзи, яшаш шароитлари, ҳуқуқ ва эркинликлари билан боғлиқ ҳолатларни ўрганиш тавсия этилади.
Ушбу сана муносабати билан мамлакатимиздаги турли ташкилот ва муассасаларда, таълим масканларида тадбирлар, учрашув ва кечалар ташкил этилмоқда. Жумладан, Юнусобод туманидаги 12-умумтаълим мактабида ўтган тадбир ҳам “Халқаро қизлар куни”га бағишланди.
Унда устозлар қизларга одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиш, шунингдек, ёшликдан пухта билим олиш, ўз ҳақ-ҳуқуқларини таниш ҳамда юртимизда қизларга яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш ҳақида тушунчалар бердилар. Ўз навбатида, ўқувчи қизлар ҳам бу борада ўз фикрларини билдирдилар ҳамда Ватан, она, тарбия ҳақидаги шеърларни ўқиб берди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА