Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
11 нафар алимент тўламаган қарздор ота 15 суткага қамалди
16:10 / 2021-08-26

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида бўлиб ўтган навбатдаги суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47/4-моддасига асосан алимент тўлашдан бўйин товлаб келган 11 нафар яккабоғлик қарздор оталарнинг маъмурий ишлари кўриб чиқилди.

Жумладан, Бюронинг Яккабоғ туман бўлими иш юритувида фуқаролик ишлари бўйича Яккабоғ туманлараро судининг 2015 йилдаги буйруғига кўра, тумандаги Оқтош МФЙда истиқомат қилувчи қарздор фуқаро А.С.дан ундирувчи Н.У. фойдасига бир нафар фарзанди учун 1/4 қисм миқдорида алимент ундириш белгиланган.

– Давлат ижрочиси томонидан фуқарога фарзанди таъминоти учун белгиланган пулни ўз вақтида тўлаши лозимлиги тўғрисида бир неча маротаба огоҳлантирилган, – дейди МИБ Яккабоғ туман бўлими бошлиғи ўринбосари Тоҳир Номозов. – Аммо, ота бунга эътиборсизлик билан қараб, бир неча йилдан бери алимент пулларини тўламасдан келган. Мазкур иш бўйича тўпланган ҳужжатлар судга юборилиб, бўлиб ўтган мажлисда унга нисбатан жавобгарлик кўриб чиқилди. Суд ҳукми билан А.С.га Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаси билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Яна бир фуқаро, Эсат қишлоғида яшовчи Ж.Х. ҳам узоқ вақтдан бери алимент тўламасдан келади. У огоҳлантиришга ва ҳуқуқий тушунтиришларга қарамай фарзандининг моддий таъминотидан бўйин товлади. Бунинг оқибатида қарздорлик 36 миллион сўмдан ортди. Бўлиб ўтган судда фуқаро Ж.Х. бўйича тўпланган ҳужжатлар атрофлича кўриб чиқилиб, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланди.

Шу куни жами 11 нафар қарздорларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари кўриб чиқилиб, тегишли жазо тайинланди.  

Албатта, панжара ортига йўл олган, ўз дилбанди моддий таъминотига бефарқ оталар учун 15 суткалик муддат чуқур ўйлашга ва қарздорликни бартараф этиш ҳақида бош қотиришга етарлидир.

 

Ўлмас Баротов, ЎзА