Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
1,1 миллион нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланади
14:55 / 2021-10-11

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ўзсувтаъминот» АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов иштирокидаги брифингда маълум қилинди.

Мамлакатимиз ҳудудларининг, шу жумладан, олис қишлоқ ва маҳаллаларнинг йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини ривожлантириш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурларини амалга ошириш ташаббуси илгари сурилган.  

Қайд этилишича,  давлатимиз раҳбарининг  жорий йил 2 апрелдаги  “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини ривожлантириш бўйича вазифалар ҳам кўзда тутилган бўлиб, унга кўра, 2021  йилда 352 та объектда, 3 447,3 км узунликдаги тармоқ ва 359 та иншоотда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш белгиланган.

Мазкур ишларни амалга ошириш учун 1 триллион 55 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, шундан 839,3 миллиард сўмлик манзилли дастур тасдиқланган.

Мутахасис томонидан тақдим қилинган маълумотларга кўра, шу йилнинг  1 октябрь ҳолатига кўра, 760,8 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиб, 3  минг 285 км ёки йиллик режага нисбатан 95 фоиз тармоқлар қурилиб, реконструкция қилинди. Ушбу дастурларда кўзда тутилган 352 та объектга  Қурилиш вазирлигининг қурилиш-пудрат ташкилотлари рейтингида “СС” ва ундан юқори поғонага эга бўлган салоҳиятли пудрат ташкилотлари танлаб олиниб, шартномалар тузилди ҳамда қурилиш ишлари бошланди.

Бундан ташқари, қурилиш объектларига сифатли полиэтилен қувурларини етказиб бериш мақсадида “Ўзстандарт” агентлиги билан қувур ишлаб чиқарувчи корхоналар хатловдан ўтказилди. Ўрганишлар натижасига кўра, 222 та қувур ишлаб чиқарувчи корхонанинг маҳсулотлари талаб даражасига мослиги ўрганилиб, шундан 32 та корхона ҳамда объектда ишлатиладиган асосий қурилиш материаллари ва замонавий энерготежамкор асбоб-ускуналарни етказиб берувчи ташкилотлар белгилаб олинди.  

Брифингда таъкидланишича, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор ижросининг таъминланиши 1,1 миллион нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланишига ва  2,9 миллион нафар аҳолининг  сув таъминоти яхшиланишига хизмат қилади.

 

Муҳайё  Тошқораева, ЎзА