Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан жорий йилнинг июнь-июль ойларида жами 11 миллиард сўмлик давлат харидларида қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди.
Жумладан, «Ўзйўлкўприк» кластерининг Жиззах филиали давлат муассасасининг 2,9 миллиард сўмлик, Шаҳрисабз шаҳар 20-сон болалар мусиқа ва санъат мактабининг 885,9 миллион сўмлик, Наманган давлат ўрмон хўжалигининг 605 миллион сўмлик, Тошкент тумани тиббиёт бирлашмасининг 551,9 миллион сўмлик, Ички ишлар вазирлиги қошидаги «Қурилиш таъмирлаш гуруҳи» давлат унитар корхонасининг 520 миллион сўмлик, Термиз тумани сув етказиб бериш хизмати давлат муассасасининг 500 миллион сўмлик давлат харидларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган.
Кейинги ўринларни Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали, Қумқўрғон тумани Ободонлаштириш бошқармаси, Сариосиё тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси, Ўлат карантин ва ўта хавфли юқумли касалликлар муҳофазаси маркази Қашқадарё филиали, Андижон илмий-тажриба станцияси давлат муассасаси, Нарпай тумани ободонлаштириш бошқармаси, Олтинсой тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими «банд» қилган.
Шунингдек, «Оқолтин дон маҳсулотлари» акциядорлик жамиятининг 3 миллиард сўмлик, Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳар касб-ҳунар мактабининг 403 миллион сўмлик давлат харидларида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун талабларига зид равишда баҳолаш жараёнида қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилган.
Бундан ташқари, Наманган касб-ҳунарга ўқитиш марказининг 269 миллион сўмлик давлат харидида қонунчилик талабларига зид равишда ўзаро аффилланган шахслар иштирок этгани аниқланди.
Агентлик тақдимномаларига асосан харид комиссияларининг ғолибни аниқлаш ҳақидаги баённомалари бекор қилиниши таъминланди. Шу тариқа қайд этилган давлат харидлари ноқонуний ўтказилишининг олди олинди.
Агентлик ахборот хизматидан маълум қилишларича, қайд этилган қонунбузилиши ҳолатларига оид тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Н.Абдураимова, ЎзА