11 миллиард сўмлик инвестициялар ўзлаштирилди
Биргина жорий йилнинг ўзида корхона томонидан 7 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда.
Бухоро вилояти Ғиждувон туманининг саноат соҳасини ривожлантириш орқали янги иш ўринларини яратиш мақсадида “Ғиждувон” ЭИЗ ҳудудида “Селена Трейд” МЧЖ негизида биринчи босқичда картон қоғоз ишлаб чиқариш ҳамда иккинчи босқичда картон қути ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилиши режалаштирилган эди.
Бугунги кунда пандемиянинг салбий таъсирларига қарамасдан корхона томонидан Хитой давлатидан картон қути ишлаб чиқаришга мўлжалланган асбоб ускуналар олиб келинди.
Корхона томонидан икки босқичли лойиҳа доирасида жами 11 миллиард сўм миқдоридаги инвестициялар ўзлаштирилди. 50 га яқин янги иш ўринлари яратилди.
Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга бўлган талабнинг юқорилиги сабабли корхона пандемия даврида ҳам санитария қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда ўз фаолиятини тўлиқ қувватда олиб бормоқда. Биргина жорий йилнинг ўзида корхона томонидан 7 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда.