КУН ТАРИХИ
1627 йил – Бухоро хони Имомқулихон томонидан Бобурийлар давлатига элчи қилиб юборилган эллик икки ёшли жўйборий шайх Абдураҳимхожа Ҳиндистон ҳукмдори Жаҳонгир ҳузурига етиб борди. Жўйборий шайхни Ҳиндистон ҳукмдори катта иззат-ҳурмат билан қаршилади. Айтишларича, шоҳ хожага 30 минг рупий пул ва битта фил совға қилган экан.
Тарихчи Абдусаттор Жуманазарнинг ёзишича, Наврўз байрамидан сўнг ҳукмдор уни Кашмирга ўзи билан бирга олиб кетади. Жаҳонгиршоҳ 1627 йилнинг 4 ноябрида Кашмирда оғир хасталикдан вафот этади.
Кўп ўтмай Абдураҳимхожа ҳам 1628 йилнинг бошларида Ҳиндистонда Ҳақ даргоҳига йўл олади. Бир неча йилдан кейин хоки Жўйборга келтирилиб, аждодлари ёнига қўйилади.
1912 йил – Бухоро амирлигида замонавий матбуотчилик тарихи бошланди: тожик тилида «Бухоройи шариф» газетасининг биринчи сони Янги Бухоро (Когон)да чоп этилди. Газета дастлаб ҳафтасига 6 марта, кейин 3 марта нашр этилган. Жами 153 та сони чиққан. «Бухоройи шариф» газетаси 1913 йил 12 январда Россия бош сиёсий бошқармаси томонидан тақиқланган.
Газета саҳифаларидан исломий аҳкомлар, илм-фан, тижорат ҳамда иқтисодиёт янгиликлари, маърифатни тарғиб этувчи мақолалар, маҳаллий шоир ва ёзувчилар асарларидан парчалар, жаҳон адабиёти намуналари эълон қилинган. «Бухоройи шариф»га озарбайжон ёзувчиси ва журналисти Мирзо Жалол муҳаррирлик, Мирзо Ғаффор бош котиблик қилган.
1921 йил – Бухоро Республикаси Халқ Комиссарлар Совети ўзбек (туркий) тилини мамлакат ҳудудида давлат тили деб эълон қилди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, ўзбек тилига Туркистон Республикаси (1918 йил июнда) ва Хоразм Республикаси ҳудудида ҳам давлат тили мақоми берилган эди.
1992 йил – Нигерия Федератив Республикаси Ўзбекистон Республикаси суверенитетини тан олди.
1997 йил – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Бадиий Академиясининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
2019 йил – Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 24 моддадан иборат.
2020 йил – Ўзбекистон Республикасининг «Олий даражали «Дўстлик» орденини таъсис этиш тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБEРДИЕВ тайёрлади