Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
11 февраль – Эрон миллий байрами – Инқилоб куни
23:47 / 2024-02-11

Адабиёт ихлосмандларига Эрон назмининг юксалиш даври – X-XV асрларда ўлмас асарлари билан танилган Фирдавсий, Умар Ҳайём, Саъдий, Румий, Ҳофиз каби дунё адабиётининг ёрқин юлдузлари шеъриятда маънавий баркамоллик сари интилиш ғояларини тараннум этгани маълум.

Форс адабиёти дурдонаси бўлмиш Фирдавсийнинг “Шоҳнома” достони,  асарларига  сўфийлик  ғояси сингдирилган Абдулло Ансорий, Фаридиддин Аттор каби буюк мутафаккирлар ватани – Жануби-ғарбий Осиёда жойлашган Эрон Ислом Республикасининг пойтахти – Теҳрон шаҳри. Ушбу давлатнинг амалдаги Конституцияси 1979 йил 2-5 декабрда референдум орқали тасдиқланган, кейинчалик қомусга тузатиш киритилган.

Асосий ҳужжат бўйича давлатнинг биринчи шахси – олий раҳбар, кейинги расмий шахс – Президент. Қонун чиқарувчи ҳокимият – Исломий Кенгаш мажлиси (парламент), ижро ҳокимияти – Президент ва ҳукумат.

Эронда 30 дан кўп миллат яшайди. Аҳолисининг 75 фоизга яқини эрон тиллари гуруҳига кирувчи халқлар – форс, ғилон, мозандарон, курд, лор, бахтиёрий, балуж, талиш, афғон, тожик. Мамлакатда туркий тил гуруҳига кирувчи озарбайжон ва туркман, шунингдек араб, арман, оссурий, гуржи, лўлилар ҳам яшайди.

Расмий тил – форс тили. Йирик шаҳарлари – Теҳрон, Исфахон,  Машҳад, ТабризПул бирлиги – риал.

Эрон – нефть саноати ривожланган аграр индустриал мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда қишлоқ хўжалиги 21,3 фоиз, саноат 32,7 фоиз, жумладан нефть ва газ қазиб олиш 18,7 фоиз.

Саноатида нефть, газ, кўмир, хром, қўрғошин, рух, мис, марганец ва темир рудаси қазиб олинади. Нефтни қайта ишлаш, нефть кимёси корхоналари мавжуд. Қора ва рангли металлургия, машинасозлик ва металлсозлик, озиқ-овқат, тўқимачилик саноати ривожланган. Кишилар ҳунармандлик – гилам тўқиш, металл буюм тайёрлаш билан ҳам шуғулланади.

Мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоғи ҳисобланган қишлоқ хўжалигининг етакчи тармоғи – деҳқончилик. Асосий озиқ-овқат экини буғдой, арпа, шоли, дуккакли дон экинлари. Эрон ўрик, шафтоли, анжир, писта, хурмо, беҳи, анор, цитрус мева, ёнғоқ етиштириладиган боғдорчилиги машҳур. Токчилик, сабзавотчилик ва полизчилик билан мамлакатнинг ҳамма қисмида шуғулланишади. Пахта экилади, қанд лавлаги, шакарқамиш, тамакичой ўстирилади. Чорвачилигида қўй, эчки, қора мол, эшак, туя, от, хачир боқилади. Паррандачилик ривожланган. Пиллачилик оммалашган. Форс қўлтиғи ва Каспий денгизида балиқ овланади.

Эронда хорижий сайёҳлик ривожланган. ЮНЕСКО томонидан қайд этилган дунё цивилизацияси меросига оид 12 тарихий ёдгорликнинг 3 таси шу давлатда жойлашган.

Эронда 5 йиллик бепул мажбурий бошланғич таълим жорий қилинган, 2 босқичдан иборат 7 йиллик ўрта мактаб мавжуд. Олий маълумотли кадрлар Теҳрон, Эрон миллий, Форобий, Шероз, Машҳад, Исфаҳон, Мозандарон, Табриз, Аҳвоз университетлари, Теҳрон политехника, Ободон нефть институтларида тайёрланади. Илмий тадқиқот Теҳрондаги Фан ва маориф тараққиётини тадқиқ этиш ва ривожлантириш институти, Эрон маданияти тадқиқот маркази, Санъат ва археология тарихи миллий марказида, шунингдек Теҳрон, Машҳад, Табриз, Шероз, Исфаҳон, Аҳвоз университетларида олиб борилади.

Йирик кутубхоналари – Миллий кутубхона (1935 йилда очилган), Парламент кутубхонаси (1924). Маданият вазирлиги тизимида 1502 та кутубхона мавжуд. Эронда археология ва этнография, Гулистон саройи (1894 йил), Миллий бадиий, Гиламлар музейлари маҳаллий аҳоли ҳамда сайёҳларнинг севимли масаканлари саналади.

Эрон Ислом Республикаси ОАВ мамлакатдаги муҳим ижтимоий-сиёсий воқеаларни тўлақонли ёритиб келади. Эронда бир неча газета ва журнал нашр этилади. Асосийлари – “Аброр” (Адолатли), “Кайҳон” (Коинот), “Рисолат”, “Ахборот” форс тилидаги кундалик газеталар. “Ҳафта янгиликлари” форс тилидаги безакли ҳафталик журнал ва бир неча электрон нашрлар тезкор ва шаффоф янгиликлар тарқатади.

“Эрон Ислом Республикаси овози” миллий радиоси 1971 йил ишга тушган. Эрон телевидениесига ҳам шу йили асос солинган.

Ислом Республикаси ахборот агентлиги (ИРНА) ташкил этилиши тарихи 1934 йилга тақалади. Шу йил Форс ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг расмий ахборот манбаси сифатида “Форс” ахборот агентлигини ташкил этиш тўғрисида фармон чиқаради. Кейинги олти йил давомида “Форс” Ташқи ишлар вазирлигининг қуйи ташкилоти сифатида фаолият юритди ва Эрон янгиликларини ҳам, бошқа тиллардан таржима қилинган янгиликларни ҳам нашр этди. Франc-Пресс “Форс” билан ҳамкорлик қилган биринчи ахборот агентлигидир. 1940 йил май ойида тарғибот бўлими ташкил этилди ва “Форс”  кафедраси таркибига кирди. Аста-секин Эрон ахборот агентлиги хорижий манбалар сонини кенгайтириб, “Рейтер”, “Ассошиэйтед Пресс”, “Юнайтед Пресс Интернэшнл” ва “Анадолу” агентлиги билан ҳамкорлик қила бошлади.

1953 йил Эрондаги давлат тўнтаришидан сўнг “Форс” фаол равишда модернизация қилина бошлади, иши фаоллашди, янгича нуқтаи назарга эга ходимлар ёлланди. Агентлик янгиликлари радио орқали узатила бошланди. Янги қонунчиликка мувофиқ, “Форс” Маданият вазирлиги, Почта, Телеграф ва телефон вазирлиги каби давлат идоралари, вазирликлари назорати остида ишлади.

1957 йил “Форс” агентлиги яна мустақил ташкилотга айланди ва 1963 йил Ахборот вазирлиги таркибига кирди. 1975 йил июль ойида Эрон парламенти Ахборот ва туризм вазирлигини ташкил этиш ва “Форс” мақомини 300 миллион реал активи бўлган очиқ акциядорлик жамиятига ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди.

1979 йилги ислом инқилобидан кейин Инқилобий кенгаш Ахборот ва туризм вазирлигини Миллий ҳидоят вазирлигига, “Форс”ни Ислом Республикаси ахборот агентлигига айлантирди.

Эрон Ислом Республикасининг расмий ахборот агентлиги – ИРНАни ҳукумат молиялаштиради, Маданият ва Ислом иродаси вазирлиги томонидан назорат қилинади.

ИРНА веб-сайт платформасида ишлайди, шунингдек Эрон газетаси ва бошқа бир неча даврий нашр чоп этади. Эронда 60, дунёнинг бошқа мамлакатларида 30 га яқин ваколатхонаси мавжуд. Агентлик шиори – “Тезлик, шаффофлик, аниқлик”.

Тўрт ҳудудий тузилманинг ҳар бирида бош офис мавжуд.

Яқин Шарқ ва Африка – қароргоҳи Ливан пойтахти Байрутда. Анқара, Дамашқ, Абу-Даби, Амман ва Кувайтда бўлимлари бор.

Европа ва Америка – бош офиси Лондонда, филиаллари Бонн, Вена, Париж, Рим, Сараево, Афина, Мадрид, Нью-Йорк ва Вашингтонда.

Осиё ва Океания – штаб-квартираси Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида, бўлимлари Токио, Пекин, Исломобод, Олма-ота, Душанбе ва Ашхободда жойлашган.

Бош офис Теҳронда жойлашган, мамлакатнинг барча вилоятларида бўлимлар фаолият юритади.

Ҳозир ИРНА еттита кундалик газета ва бошқа даврий нашрлар чоп этади.

Эслатиб ўтамиз, Эрон 1945 йилдан БМТ аъзоси. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини 1991 йил 25 декабрда тан олган, 1992 йил 10 майда мамлакатларимиз ўртасида дипломатия муносабати ўрнатилган.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА